Кузги шудгорлаш – мўл ҳосил гарови
Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бекорга айтмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади. Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор, плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши ҳамда унинг сифати доимий назорат остида бўлиши лозим.
Айни кунларда Сирдарё вилоятида кузги шудгорлаш ишлари уюшқоқлик билан ўтказилиб, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Вилоятда 2023 йил ҳосили учун пахтачилик йўналишдаги 9 та кластер ва 1768 та фермер хўжаликларидаги 131 минг 668 гектар ер майдонида кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Жумладан, Сардоба туманида 20 минг 685 гектар, Ховос туманида 15 минг 389 гектар, Боёвут туманида 15 минг 590 гектар, Сайхунободда 16 минг 67 гектар, Оқолтинда 20 минг 446 гектар, Сирдарёда 15 минг 68 гектар, Гулистонда 10 минг 708 гектар ва Мирзаобод туманида 17 минг 715 гектар ер майдонида кузги шудгорлаш ишлари олиб борилади.
– Бу агротехник тадбирларни амалга ошириш учун 160 та отрядлар тузилиб, 356 та юқори унумли ҳайдов тракторлари ва 356 плуглар белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказилиб шудгорлаш ишларига шай қилиб қўйилди, – дейди “Ўзагроинспекция” нинг Сирдарё вилояти бошқармаси Техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспектори Шахбоз Қўшбоқов. – Жумладан, Боёвут туманида 48 та, Гулистон туманида 35 та, Мирзаобод туманида 36 та, Оқолтин туманида 63 та, Сардоба туманида 39 та, Сайхунобод туманида 53 та, Сирдарё туманида 49 та ва Ховос туманида 33 ҳайдов тракторлари ерларни шудгорлаш учун шай ҳолатда. Бугунги кунда 356 та ҳайдов тракторлари билан бир кунда 5 минг 864 гектар, мавсум бошидан эса 66 минг 797 гектар ер майдони сифатли тарзда шудгорланди. Хусусан, Сардоба туманида 10 минг 109 гектар, Ховосда 6 минг 632 гектар, Боёвутда 8 минг 77 гектар, Сайхунободда 8 минг 974 гектар, Оқолтинда 10 минг 849 гектар, Сирдарёда 7 минг 556 гектар, Гулистонда 5 минг 371 гектар ва Мирзаобод туманида 8 минг 929 гектар ер майдонлари сифатли шудгорланди.

“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан кунлик мониторинг тадбирлари ўтказилиб, кузги шудгорлаш ишларини белгиланган муддатлардан кечиктирилиши, сифатли ўтказмаётган кластер ва фермер хўжаликларига йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш юзасидан 390 та огоҳлантириш, 204 та кўрсатма ҳамда 12 та тақдимномалар берилди. Шудгорлаш ишлари ўз вақтида, сифатли ўтказилса, келгуси йили чигитлар яхши тайёрланган ерга эрта муддатларда экиб олинади. Бунда ғўзалар серавж ривожланиб, кўп кўсак тўплайди ва охирги кўсакларигача етилиб очилади. Натижада мўл пахта ҳосили олиниши билан бирга тола ва чигит сифати ҳам юқори бўлади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА