Кузги ниҳол экиш мавсуми қизғин
Кўчат экиш, дарахт ўстириш, табиатни асраб-авайлаш ота-боболаримиздан ўтиб келаётган эзгу қадриятларимиздан бири. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мевали ва манзарали кузги ниҳол экиш мавсуми давом этмоқда.
Жиззах вилоятининг қайси ҳудудига борманг, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўласиз.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида Жиззах вилояти бўйича 9 миллион 842 минг туп ўрнига, 10 миллион тупдан зиёд турли манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Куни кеча Шароф Рашидов туманидаги “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивида кўчат экиш тадбири ўтказилиб, унда нуроний отахонлар, вилоят ва туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
[gallery-14233]
Ушбу “Янги Ўзбекистон” массивидаги 20 гектар майдонга дарахт экиш белгиланган. Жорий йил майдоннинг 13 гектарига 23 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилиши режалаштирилган. Эътиборлиси, бу ерга экиладиган кўчатлар томчилатиб суғориш технологияси асосида суғорилади.
“Жиззахйўлкўкалам” корхонаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий дастури ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил куз мавсумида умумий фойдаланувдаги автомобил йўллари ёқаларига ниҳоллар экиш бўйича манзилли дастур тасдиқланган бўлиб, ушбу дастур асосида жами 50 минг 625 дона турли хил манзарали кўчат экиш режалаштирилган. Шундан "Алмати – Бишкек – Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз" халқаро аҳамиятидаги Катта Ўзбек тракти автомобиль йўли ёқасига 20 минг 625 туп ҳамда "Жиззах шаҳри – Пахтакор – Дўстлик – Гагарин шаҳарчаси" йўллари ёқасига эса 30 минг туп кўчат экиш белгиланган. Айни пайтда ушбу йўл ёқаларида кўчат экиш мавсумига тайёргарлик олиб борилиб, бугунги кунга қадар кўчат экиш учун 46 мингта чуқур ковлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, муассаса томонидан ”Яшил белбоғ“ дастури асосида яна 78 минг туп терак экиш белгиланган.
“Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” шиори остида Арнасойда ҳам кўчат экиш ишлари бошлаб юборилди. Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида яшил макон бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдирилиб, устувор вазифалар белгиланган. 25 октябрь куни Арнасой тумани меҳнаткашлари ҳам кузги кўчат экиш ишларини бошлаб юборди. Жумладан, тумандаги “Оқбулоқ”сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) ҳудудидаги “Янги бўстон сардори” фермер хўжалигининг дала чети атрофида ташландиқ 50 сотих майдонга 1200 туп тут кўчати экилмоқда. Кўчат экиш ишларида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Ойбек Ашурматов, Арнасой тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Мунаввар Собиров ҳамда фермер хўжалик раислари иштирок этмоқда.
Фориш касб-ҳунар мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари Фориш тоғ ўқув ҳарбий полигонида бўлиб, у ерда ҳарбийлар ҳаёти ҳамда замонавий қурол-яроғлар билан яқиндан таништирилди ва амалий машғулотларда иштирок этди. Машғулотлар якунида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳарбий полигон ҳудудига ҳарбийлар билан биргаликда ҳамкорлик рамзи сифатида полигон ҳудудига турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Яшил макон умуммиллий ҳаракати Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан бошлаб юборилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари