Кузги буғдойнинг “Обод” нави яратилди
Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти ҳамда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали билан ҳамкорликда кузги юмшоқ буғдойнинг “Обод” нави яратилди.
Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти ҳамда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали билан ҳамкорликда кузги юмшоқ буғдойнинг “Обод” нави яратилди.
Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур нав 2018 йилда экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига топширилган. Кузги юмшоқ буғдойнинг янги нави республикамизнинг барча вилоятлари кузги муддатда экишга тавсия қилинган. У ўрта бўйли бўлиб, баландлиги 99,8 сантиметр, дон вазни 41,6-42,6 граммни ташкил этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу нав ўрта пишар бўлиб, Тошкент вилояти шароитида 220-221 кунда пишиб етилади. Сариқ ва қўнғир занг касалликларига чидамли. Септариоз, ун шудринг, чанг ва қаттиқ қоракуя каби касалликларига ўртача чидамли. Бундан ташқари, стресс омилларга ёки ноқулай шароитларга, яъни ётиб қолиш, иссиқлик, қурғоқчилик ва шўрга ҳам бардош беради.
Ҳосилдорлиги гектарига 50-60 центнер бўлиб, дон сифати юқори. Оқсил миқдори 15,2 фоизни ташкил этади. Унидан сифатли нон тайёрланади. Тошкент вилояти шароитида мақбул муддат 10 октябрдан 20 октябргача экиш муддати ҳисобланади. Оптимал муддатда гектарига 220 килограмм, кечки муддатда экилганда 250 килограммгача уруғ дон экиш мумкин. Вегетация давомида тўрт марта суғориш тавсия этилади.