Кузги бошоқли дон экишга тайёргарлик
Дон – халқимиз ризқ-рўзи, фаровонлик омили саналади.
Халқимиз нон ва нон маҳсулотларини кўп истеъмол қилгани боис мамлакатимизда ғалла етиштириш, ғалла майдонларини озиқлантириш, бу борадаги агротехник тадбирларни кечиктирмай олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади.

Келгуси йил ҳосили учун экилиши режалаштирилаётган бошоқли дон экинларини экиш қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар сирасига кириши ҳам шундан. Наманган вилоятининг Наманган туманидаги “Наманган элита уруғчилик хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятида айни шу мавзуга оид кўргазмали ўқув-амалий семинари ўтказилди. Унда Республика Уруғчиликни ривожлантириш бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Озод Матёқубов, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Анваржон Ҳакимов, Наманган тумани ҳокими Садриддин Мўминов келаси йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш мавсумига тайёргарлик кўриш, сара уруғ тайёрлаш ва белгиланган муддатда экиш ишларини ташкил этиш юзасидан маълумот берди.

Шунингдек, экилган ғалла майдонларини суғоришдаги мавжуд тартибларни амалга ошириш, дон экиш сеялкалари афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Маълумот ўрнида, жорий йил Наманган туманида 5 минг 65 гектар майдонга кузги бошоқли дон экиш кўзда тутилган. Унинг 316 гектари очиқ майдонга, 4749 гектари ғўза қатор орасига тўғри келади. Таъкидлаш керакки, кузги бошоқли дон экиш билан боғлиқ барча жараёнлар масъуллар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА