Кузда ҳам бозорга қулупнай чиқмоқда
Фарғона вилояти Риштон тумани “Оқ томир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ойбек Тўланов айни кунларда қулупнай етиштириб, бозорга пешма-пеш етказиб бермоқда.
– Ўтган йили шу навни олиб келдик. Баҳорги ҳосилини ҳар икки кунда, кузакнинг илиқ кунларида 3-4 кунда териб олинади, – дейди у. – Яхши томони бу баҳорда ҳам, кузда ҳам ҳосил бераверади. Фақат эринмай, яхши парвариш қилинса бўлди. Бу йил 20 сотих ерга кўчатини экиб кўпайтирдик.
Ойбекнинг айтишича, харидорлар кузги тансиқ ҳосилнинг ҳар килосини 45-50 минг сўмдан улгуржи олиб кетишяпти. Аҳамиятлиси, қулупнай тупларини плёнка билан ўраб, совуқдан ҳимоя қилиш шарт эмас экан. Кўкламда яна жонланиб, ҳосил бераверади. Айни кунларда минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириш ишлари давом этмоқда.
– Бугунги кунда қулупнайнинг “Мальвина”, “Богема”, “Эльсиноре”, “Лорд”, “Пегас”, “Альбион” каби кечпишар ва ўрта кечпишар навлари оммалашмоқда, – дейди Қува туманида жойлашган Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази раҳбари Ҳожиакбар Ҳожиматов. – Илгари фақат баҳорда сифатли мева берадиган навлар экиб парваришланган бўлса, миришкор деҳқонларимиз томонидан ана шундай янги навларни кўпайтириш, халқимиз дастурхонига куз-қиш мавсумида ҳам сархил қулупнай етказиб бериш йўлга қўйилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА