Ангрен шаҳрида 2025-2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари, тегишли соҳа вакиллари ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда ҳудудларда мавсум давомида иссиқлик таъминоти тизимларини таъмирлаш, газ ва электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларида зарур захираларни яратиш, транспорт воситаларининг тайёргарлик даражасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев мавсумий ишларни ташкил этишда энг муҳим жиҳат, вақтни бой бермаслик, ҳар бир туманда масъул раҳбарлар фаолиятини аниқ режа асосида йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Амалга оширилаётган ишлар келгусида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, хонадонларнинг қиш мавсумини муаммосиз ўтказиш имконини беради. Шу туфайли бу жараёнларга барча бирдек масъулият билан ёндашиши кераклиги айтилди.
Тадбир давомида коммунал соҳа хизматларининг омборларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида яратилган моддий ресурслар захираси тақдимоти билан танишилди. Ижтимоий соҳа ташкилотлари ва бошқармалар раҳбарларининг мавсумга тайёргарлиги юзасидан ҳисоботлари эшитилди. Хусусан, жорий йилда иссиқлик таъминоти тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳудудлардаги маҳаллалар ва хонадонларга иссиқлик узатишни таъминлаш учун зарур бўлган назорат ва ўлчов воситалари ўрнатилди, уларнинг ишлаш ҳолати назоратга олинди.

Қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўрилди, фавқулодда хизматлар штаби тузилди ва уларнинг тезкор ишлаши таъминланди. Шунингдек, сув таъминоти бўйича ҳарорат паст бўлиши мумкин бўлган жойлардаги қувурлар махсус изоляцияланган материаллар билан қопланди.
Айрим қишлоқлар ва эски инфраструктурали маҳаллаларда сув қувурлари алмаштиришни талаб этмоқда. Ушбу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади. Мутахассисларнинг қайд этишича, куз-қиш мавсумидаги фавқулодда вазиятларга қарши курашиш бўйича тўлиқ режа ишлаб чиқилди. Техник воситалар, муҳандислик қурилмалари ва қутқарув хизматлари зарур қўшимчалар билан таъминланди.

Ҳудудларда фавқулодда вазиятлар бўйича қутқарувчи гуруҳлар ташкил этилди. Аҳолига фавқулодда вазиятлар вақтида қандай ҳаракат қилиш, тез ёрдам хизматлари билан боғланиш йўллари ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.
Бу каби махсус тактик-ўқув машғулоти бошқа ҳудудлар ҳам босқичма-босқич ўтказиладиган бўлди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда уни талафотсиз ўтказиш бўйича “Ангрен шаҳар тажрибаси”ни оммалаштириш борасида сўз юритилди.
А. Мусаев, ЎзА.