Куз-қиш мавсумига тайёргарлик
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар тизимли ташкил этиляпти.
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар тизимли ташкил этиляпти.
Хусусан, махсус ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 8 та йўналиш кесимида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганишни бошлади. Унда 17 та вазирлик ва идоралар вакиллари, бошқарув сервис компаниялари, ширкатлар, ҳокимият вакиллари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари ва бир қатор мутасадди раҳбарлар иштирок этди.
Дастлаб бошқарув сервис компаниялари томонидан Олмазор туманидаги Қичқириқ ва Бўстонобод маҳаллаларида амалга оширилган ишлар тақдимоти ўтказилди. Кўп квартирали уйларни таъмирлаш, унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги иш тажрибаси ўрганилди. Бугунги кунда кўп қаватли, кўп квартирали уйлардан фойдаланишда мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, бинолар техник ҳолати қаровсиз қолишини олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, келгусида мазкур тумандаги кўп квартирали уйлар бошқарувини бошқарув сервис компанияларига бериш режалаштирилган. Ушбу янги тизим кўп квартирали уйларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатувчи ширкатларга қараганда уйларнинг фасад қисмлари, подвал, том ва тротуар қисмларини намунавий кўринишга келтириш бўйича лойиҳавий ишларни амалга оширади. Бу борада аҳолига бир қатор қулайлик яратади.