Куйламоқ - яшамоқ демак!
Шу кунларда миллий санъатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган дарға санъаткорлар хотирасини ардоқлашга бағишланган тадбирлар, адиб ва шоирлар иштирокидаги "Маърифат улашиб" ижодий лойиҳалари муваффақиятли ўтказилмоқда.
Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб "Куйламоқ - яшамоқ демак" номли мусиқий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб пойтахтимиздаги "Чиғатой" қабристонида бўлиб, буюк санъаткор хотирасига эҳтиром кўрсатдилар.
Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада институтида санъаткор ижод йўлига бағишланган илмий-маърифий анжуман ўтказилди.
"Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган тантанали хотира тадбирида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Ботир Зокиров ижодининг бетакрорлиги, кейинги йилларда санъаткор хотирасини ардоқлашга қаратилаётган эътибор хусусида батафсил сўзлади.
- Ботир Зокиров ўзининг майин, сеҳрли овози, бетакрор ижроси билан миллионлаб юракларни забт этган, - деди маданият вазири Озодбек Назарбеков.- Унинг ижросидаги қўшиқлар ўз даврида ҳам, бугун ҳам севиб тингланади. Ботир Зокиров миллий эстрада санъатимизни замонавийлик билан уйғунлаштириб, бетакрор мактаб яратган ижодкордир.
- Ботир Зокиров қисқа умр кўрса-да, лекин унинг эстрада санъати ривожига қўшган ҳиссаси улкан, - деди Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров. - Устоз санъаткорга кўрсатилган бундай эътибордан уларнинг руҳи беҳад шод бўлмоқда.
- Мен ҳам ўзимни бахтли санъаткорлардан, деб биламан, - деди тожикистонлик машҳур санъаткор Жўрабек Муродов. - Сабаби мен ҳам Ботир Зокиров билан бир саҳнада қўшиқ айтишга муваффақ бўлганман.
Тантанали тадбирда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида таъсис этилган Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти учун ўтказилган танловда турли номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди. Илк марта топширилаётган ушбу мукофотга "Энг яхши тарғиботчи ижодкор" номинациясида Ашурали Жўраев, "Энг ташаббускор продюсер" номинациясида Абдуқаҳҳор Шерембаев, "Энг яхши тасвирий санъат устаси" номинациясида Баҳром Норбоев, "Энг яхши композитор" номинациясида Алишер Икромов, "Энг яхши эстрада хонандаси" номинациясида Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, "Энг яхши бастакор-аранжировкачи" номинациясида Шуҳрат Зокиров муносиб топилди.
Шунингдек, Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари республика танловининг ғолиблари эълон қилинди. Жорий йилда ушбу танловда мамлакатимиз бўйлаб 300 нафардан ортиқ ёш ижрочи иштирок этди. Унга кўра, биринчи ўринга андижонлик Севара Тўланова, иккинчи ўринга Тошкент вилоятида ижод қилаётган хонанда Ижод Ҳусанов, учинчи ўринга бухоролик Сардор Шавкатов муносиб топилди.
Сарой фойесида бадиий кўргазма ташкил этилди. Тантанали мусиқий кечада Ботир Зокиров ҳаёти, фаолияти ва ижодига оид видеофильм намойиш этилди.
Хотира кечасида санъаткор репертуаридаги қўшиқлар видеолавҳаларда намойиш этилиши билан бирга машҳур хонандалар, ёш ижрочилар томонидан намойиш этилди.
Тантанали кечада Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одил Абдураҳмонов иштирок этди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири