Оммавий ахборот воситаларида Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Зомин” маҳалла фуқаролари йиғини Ҳавотоғ қишлоғида яшовчи Абдурашиб Бекбўтаев хонадонида сўйилган бир бош қаромол гўштида Сибирь яраси (халқ тилида куйдирги) касаллиги аниқланганлиги тўғрисида хабар тарқалган эди.
Мазкур ҳолат бўйича Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат илмий маркази директори Баҳриддин Тонгёриқов қуйидагиларни маълум қилди.
–Таъкидлаш керак, Сардоба тумани “Зомин” маҳалла фуқаролар йиғини, Ҳавотоғ қишлоғидаги жами 35 та хонадонда парваришланаётган қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари 2022 йил режа графиги асосида февраль ойи бошида (жами 241 бош йирик, 231 бош майда шохли ҳайвонлар) куйдирги касаллигига қарши тўлиқ профилактик эмланган.
Ҳолатни ўрганиш бўйича ташкил этилган штаб мутахассислари томонидан қорамол сўйилган жойдан олинган тупроқ намуналари ва сўйилган қорамолнинг кала-почаси ҳамда тери қолдиқлари бактериология, паразитология ва микробиология лабораториясида тўлиқ анализ қилинди.
Олинган бешта тупроқ намунаси 5 кун давомида бактериологик текширилганда куйдирги касаллигига хос колониялар ўсмади. Икки бош сичқонга биосинов қўйилиб, ўн кун кузатилди. Сичқонларда ножўя ўзгаришлар юз бермади. Улар ёриб кўрилиб, ички органлари микроскопик ва бактериологик усулларда текширилганда касаллик қўзғатувчиси аниқланмади.
Гулноза Бобоева, ЎзА