Куй-қўшиқ бўлиб дилларда яшаётган сўзлар ижодкори...
26 апрель – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун
Дилга яқин санъат, ижод намунаси, куй-қўшиқлар борки, унинг ортида эл суйган қайсидир истеъдод меҳнати бор. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ана шундай истеъдодлардан эди.
Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институтида (ҳозирги Жаҳон тиллари университети) таҳсил олди. Республика Китобсеварлар жамияти, «Тошкент оқшоми» газетаси, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, «Тафаккур» журнали, «Ўзбекистон овози» газетасида хизмат қилди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олгач, 1998 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритди.
Муҳаммад Юсуф, аввало, халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари, қўшиқлари билан танилди, шуҳрат қозонди. Эл меҳрига сазовор бўлди.
Муҳаммад Юсуфнинг куй-қўшиқлар орқали дилларни шод этиб келаётган айрим шеърларини бир эсласак.
ВАТАНИМ
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…
Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри
Илиғимсан, Ватаним.
Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида
Фақирини дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.
Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарвозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон,
Чўлиғимсан, Ватаним.
Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин – Курдистонда,
Бобуринг – Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ, деб
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…
Ўғлим десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…
Ўтган кунинг – ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам! деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.
Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.
Ҳеч бўлмаса Усмон хокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…
Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!
САМАРҚАНД
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб туpap ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..
Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам…
Мен дардимни кимга айтаман.
Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не эди гуноҳим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Қанча ғамга ботмаган эдим,
Қaнча оғу ютмаган эдим…
Ўз боламдан кутмаган эдим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман?..
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай келмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!
ЖАЙРОН
Қон йиғлатди қайси бағритош,
Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?
Оёғингга қўйиб ётай бош,
Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..
Юрак қонинг тўкилган сўқмоқ
Бағри алвон лолақизғалдоқ,
Сенга тошлар отди қай гумроҳ,
Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..
Зор йиғладинг бунча ҳам ҳайҳот,
Менда ҳам бор сендаги сайёд…
Эй беозор, эй мўмин жонзот,
Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..
Бу дунёнинг нокаслари бор,
Эзгуликни кўролмайдилар.
Мени ҳам қон қилдилар улар,
Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..
Лабим билан яранг силайман,
Сенга дарди шифо тилайман,
Кел, туғишган оғанг бўлай ман,
Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?..
МEҲР ҚОЛУР
Ўтар қанча йиллар тўзони,
Юлдузлар – кўзёши самони.
Ўтар инсон яхши-ёмони,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Қорачуғда порлаган ўша,
Иқболига чорлаган ўша.
Дунёни тор айлаган ўша
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Анор сенинг юзларинг, сулув,
Хумор сенинг кўзларинг, сулув,
Ёдда қолмас сўзларинг сулув,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Оқиб кетди сувларда Тоҳир,
Зуҳро йиғлаб қолди қон бағир.
Келганда ҳам қиёмат охир,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?
Ғийбатларинг қилди мени қон.
Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
ЗEБИ, ЗEБИ…
Сузилма ой осмонда,
Сендан тўлин юзлар бор.
Сурхон деган томонда
Ойдан ойдин қизлар бор.
Зеби дейман, Зебона,
Ишқингда мен девона,
Болаликда дўст қизлар,
Бўйга етгач
– бегона!..
Чоғим етмас чоғласам,
Офтоб эрир тафтидан.
Кечагина хоҳласам,
Сув ичардим кафтидан.
Зеби дердим, Зебона,
Ишқингда мен девона.
Болаликда дўст қизлар,
Бўйга етгач бегона…
На у менга эланди,
На мен унга қайрилдим.
Дўстим унга уйланди,
Дўстимдан ҳам айрилдим.
Зеби дедим, Зебона,
Севганим сен ягона.
Болаликда соғ қизлар
Бўйга етгач
– девона!..
МEН БИТТАДУРМАН
Санам, сочингдан ҳам шайдоларинг кўп,
Ҳуснинг ошиқлари – адоларинг кўп.
Ниманг кўп, кўйингда гадоларинг кўп,
Аммо мен биттаман, мен биттадурман.
Бек йигит бир сенинг пойингда хорман,
Гарчи дийдорингга муштоқу зорман,
Мен беун севарман, мен жим севарман,
Қиёматгача шул сукутдадурман.
Дейдилар: муҳаббат билмас масофа,
Айрилиқни писанд қилмас масофа.
Келурсан ўзинг деб бир кун инсофа –
Гоҳи Тошкент, гоҳи Ургутдадурман.
Тилинг билмасам ҳам тушунгандайман,
Сен билан гоҳи дўст тутингандайман.
Гоҳи бу дўстликдан ўкингандайман,
Минг бир хаёл ичра минг биттадурман.
Суймоқ бу – гулханда куймоқ азали,
Мен шаҳар эркаси, сен тоғ гўзали.
Эслаб юр ёдингга тушган маҳали —
Шайдоларинг кўпу, мен биттадурман!..
* * *
Муҳаббат, сен чиройли,
Муҳаббат, сен гўзалсан.
Тағин бир зум турайлик,
Гапирмайман, уялсанг…
Сўнг кетармиз. Сездимки,
Мен орзуга етмадим.
Сени шундай севдимки
Қўлингдан ҳам тутмадим.
Қўлинг… сенинг қўлларинг,
Мулойимдир эҳтимол.
Айри тушди йўлларим,
Севар ёрим, яхши қол.
Муҳаббат, унут мени,
Ва мен ҳам… унутмайман.
Тушларингда кут мени,
Тушларингга киргайман…
Муҳаббат, сен чиройли,
Муҳаббат, сен гўзалсан.
Кел, кўришиб турайлик,
Саломлашмай, уялсанг.
УЙҚУДАГИ ҚИЗ
Қаро ерга қўйиб бош,
Бир қизгина ухлайди.
Кўзларига тўлиб ёш,
Ҳур қизгина ухлайди.
Ётар қуриб дармони,
Мангу ухлар гул ёноқ.
Кўнгли тўла армони,
Қўйни тўла қизғалдоқ…
Бу дунёда ҳеч сендек
Қиз йўқ эди, тур, синглим,
Ўзинг орзу қилгандек
Тўй қиламиз, юр синглим.
Ой юзингга бир нафас,
Ҳарир рўмол ўрарсан.
Гул-гул ёниб муқаддас,
Чимилдиққа кирарсан…
Қаро ерга қўйиб бош,
Бир қизгина ухлайди.
Нурхон отли қаламқош,
Ҳур қизгина ухлайди.
МУҲАББАТИМ
Муҳаббатим, қайдасан қалб ардоғим,
Жайронкўзим, қирларда қолган оҳум.
Қўлим тегмай тўкилган қизғалдоғим,
Энди сени излаб қайдан топарман…
Келар бўлсанг йўлингга гул тўшардим,
Сен Лайлига, мен Мажнунга ўхшардим,
Бу дунёда ҳижрон йўқ деб яшардим,
Энди сени излаб қайдан топарман…
Тушларимда йиғларсан гоҳ бағри қон,
Оҳларингдан дуд чиқиб осмон-осмон,
Менга сену сенга мен бўлдик армон,
Энди сени излаб қайдан топарман…
Муҳаббатим, қайдасан, қалб ардоғим,
Жайронкўзим, қирларда қолган оҳум,
Қўлим тегмай тўкилган қизғалдоғим,
Энди сени излаб қайдан топарман…
ҚИЗҒАЛДОҚ
Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ,
Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,
Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ…
Солланасан келинчакдай бошинг эгиб,
Жайрон ўтган сўқмоқларга ёшинг тўкиб,
Қизил юзинг қон дилимга турар тегиб,
Менингдек сен ғарибнинг ҳам парвонанг йўқ…
Қадринг билган, дардинг билган, айт, киминг бор?.
Келиб-кетар баҳор сенга бевафо ёр,
Гўзалсанки, сенга бари гуллар ағёр,
«Оҳ» урсанг, бир оҳинг тинглар остонанг йўқ…
Олдингга мен боролмасам, ўт гуноҳим,
Бир йўқлаб қўй, мен дунёдан ўтган чоғим,
Қабрим узра ҳилпираб тур, қизғалдоғим,
Муҳаммаддан бўлак дўсти девонанг йўқ.
Мустақилликнинг илк йилларидаёқ «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон», дея кураш майдонига тушган, истиқлолни баралла куйлаган, виждони уйғоқ ижодкор Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёт йўли, ижоди ва қизғин ижтимоий фаолияти ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Унинг «Таниш тераклар», «Булбулга бир гапим бор», «Илтижо», «Уйқудаги қиз», «Ҳалима эна аллалари», «Ишқ кемаси», «Кўнглимда бир ёр», «Бевафо кўп экан», «Эрка кийик», «Сайланма», «Биз бахтли бўламиз», «Осмонимга олиб кетаман», «Улуғимсан, Ватаним» сингари ўндан ортиқ шеърий тўпламлари адабиётимизнинг олтин меросига айланди.
Муҳаммад Юсуф ўзбек шеърияти ва қўшиқчилигини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1996 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Ижодкор 2001 йил 47 ёшида вафот этди. Унинг миллий адабиётимиз ва маданиятимизни, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш йўлидаги шеърлари ҳамон қалбларда янграмоқда.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА