Кутубхона – бағрикенглик маскани
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан "Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади" мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди.
"Бағрикенглик ҳафталиги" доирасидаги ушбу тадбирга ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар, миллий маданий марказларнинг вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев ва бошқалар мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасидаги ибратли ишлар тизимли йўлга қўйилганини таъкидлади.
Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда ўзбек адабиётини фаол тарғиб этиш билан бирга турли миллат ва элат вакилларининг ижод намуналарини китоб ҳолида чоп этишдек амалий ишлар муҳим ўрин эгаллайди.
[gallery-9646]
– Яхши китоб инсонга тўғри йўл кўрсатувчи энг ишончли дўст саналади, – деди Республика туркман миллий маданий маркази раҳбари Гулдона Авездурдиева. – Ўз тилимизда китоблар чоп этиш учун керакли барча шароитлар яратилган. Марказимиз бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Ижтимоий грантлар асосида юртимиздаги барча миллатлар ўз тилида китоб чоп этмоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг "Сен баҳорни соғинмадингми?" шеърий тўплами туркман тилида нашр этилди. Махтумқулининг ижоди ҳам дунёда энг кўп ўзбек тилига таржима қилинган. Келгусида шоирнинг шеърларини яна ўзбек тилига ўгириб, китоб ҳолида нашр этиш кўзда тутилгани эътиборлидир.
–- Кутубхона энг бағрикенг маърифат масканидир, – деди Республика рус миллий маданий маркази раҳбари ўринбосари Татьяна Алимхўжаева. – Негаки, кутубхонага келган инсондан унинг миллати, ижтимоий ҳолати, дини, ирқи суриштирилмайди. Бугун янгиланиш сари юз бурган Ўзбекистонимизда болаларни биринчи синфданоқ кутубхоналарга аъзо қилиш мақсадга мувофиқдир. Негаки, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда кутубхонанинг аҳамияти беқиёс. Зотан, юртимиз ижодкор зиёлиларининг шаклланишида кутубхоналар асосий ўрин эгаллагани яхши маълум.
Анжуманда китобхонликни ривожлантириш истиқболлари хусусида батафсил сўз юритилди. Турли миллат ва элат вакиллари ўз шеърларидан намуналарни ўқиб бердилар.
Миллий маданий марказларнинг бадиий жамоалари Иштирокида мусиқий дастур намойиш этилди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА