Кушонлар ва юэчжелар битта халқми?
Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтида Сурхондарё ҳавзасида олиб борилган археологик тадқиқотларнинг асосий натижаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд археология институти ва Хитой Шимоли-Ғарбий унверситети археолог олимлари, мутахассислар ва ёш изланувчилар иштирок этди. Семинарда Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида олиб борилган археологик қазув ишларида эришилган натижалар ҳақида сўз юритилди.


Таъкидланишича, Ўзбекистон-Хитой қўшма экспедицияси томонидан Шимолий Бақтрия тоғ этакларида яшаган кўчманчи аҳолига тегишли “Работ” ёдгорлигида олиб борилган қазишма ишлари ва дала археологик қидурув жараёнида милоддан аввалги I асрнинг иккинчи ярми ва милодий II асрнинг биринчи ярмига оид қадимий қабр қўрғонлари аниқланган.
– Экспедициямизнинг асосий мақсади Хитой ҳудудидан Марказий Осиёга, яъни ўша вақтдаги қадимги Бақтрия ҳудудига кириб келган юэчжеларни ўрганиш, – дейди Хитой Шимоли-Ғарбий университети профессрори Вань Цзянь Синь. – Сабаби, Ғарб манбаларида кушонлар юэчжеларнинг бир қисми дейилган. Бу қанчалар тўғри ё нотўғри эканлигини билиш мақсадида қазишма ишларини олиб бордик. Аввал биз Хитой ҳудудида Ганзу ва Сенжой провинциясида ўрганиш ишларини олиб бордик. Қадимги манбаларда ёзилишича юэчжелар хунларнинг таъсирида Хитой ҳудудини тарк этиб Ўрта Осиёга кириб келган.


Сурхондарё воҳасидаги дарёда қазишма ишлари олиб борганимизда у ерда ҳозиргача топилган маълумотлардан айтишимиз мумкинки, кушонлар ва юэчжелар бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида халқ. Кушонлар Юнон-Бақтриянинг кейинги авлодлари. Ғарб манбаларида ёзилишича, милоддан аввалги I асрда ташкил топган Кушонлар империясига юэчжеларнинг кейинги авлоди асос солган дейишади. Бизда бу маълумотнинг нотўғрилигини исботловчи далиллар мавжуд. Сухондарёнинг деҳқончилик билан шуғулланадиган ўтроқ аҳолиси Юнон-Бақтриянинг кейингги авлодлари. Юнон-Бақтрия ва Кушон империяси милодий I асрда катта ҳудудда ташкил топади. Ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубидаги тоғ ҳудудида асосий манзиллари бўлган. Биз экспедициямизни давом эттириб, кушонлар ва юэчжеларнинг алоҳидалигини исботловчи янада кўпроқ маълумотлар топиш ҳамда уни жамоатчиликка тақдим қилиш ниятидамиз.


Семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Ғ. ҲАСАНОВ,
А. ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА