Курсантлар Ватанга қасамёд қилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида биринчи босқич курсантларининг “Ватанга қасамёд” тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, полковник Хуршид Алибоев ҳамда академия бошлиғи, генерал-майор Равшан Ҳайдаров сўзга чиқиб, мазкур тантанали тадбир курсантлар учун фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бир қаторда, улкан масъулият ва танлаган касбига умрбод содиқликни ҳам талаб этишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, табиий ва техноген тусдаги офатлар билан курашиб, ўз жонларини хатарда қолдириб, кўплаб инсонларнинг ҳаёти, мол-мулкларини сақлаб қолиш беқиёс инсоний фазилат ва энг шарафли хизматдир.
Шундан сўнг курсантлар тантанали равишда қасамёд қабул қилди.

— Ғурур, садоқат ва ориятни энг олий қадрият деб биладиган йигит учун бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ор-номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчни адо этишга бел боғлаш маросимидир, – деди курсант Озодбек Исмоилов. — ФВВ академиясига ўқишга кириб, жонажон Ватанимизга, халқимизга муносиб фарзанд бўлиб, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун бор куч-ғайратимни аямай хизмат қилишга тантанали қасамёд қилдим. Бу ҳаётимдаги энг қувончли онлардан бири бўлиб хотирамда бир умрга муҳрланиб қолади. Академияда чуқур билим олиш билан биргаликда, юртимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимиз равнақини оширишга, Президентимизнинг биз ёшларга билдираётган юксак ишончларини оқлашга мен ва сафдошларим номидан ваъда бераман.

— Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳар бир йигит кишининг орзуси бўлса керак, — дейди курсант Хуршид Аъзамов. —Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг курсанти бўлишдек бахтга муяссар бўлиш билан бирга, барча сафдошларим билан илк маротаба Ватанга қасамёд қилганимдан фахрланаман.
Тадбир давомида академияда аъло баҳога ўқиб, ўзининг интизоми, хулқи ва одоби билан ўрнак бўлиб келаётган ҳамда турли фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва танловларда совринли ўринларга сазовор бўлаётган курсантлар Жон-Муҳаммад Аҳадов, Бекжон Улашов ҳамда Шуҳрат Йўлдошевлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Амир Темур” номидаги стипендияси ва фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА