Курашнинг оммавийлигини ошириш – муҳим вазифа
Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақиқий маънода мамлакатимизда кураш спортини кенг оммалашиши ва спортчиларимиз оламшумул ютуқларга эришишига мустаҳкам замин яратди.
Ўзбекистонда кураш спорти кейинги йилларда жадал ривожланиш ва оммалашиш босқичига ўтди. Бунинг ҳам бир қатор асослари бор. Улардан бири – мактабларда ва маҳаллаларда кураш тўгараклари, ўрта махсус ва олий таълим тизимида факультатив машғулотлар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2021 йилнинг февраль ойидан алоҳида Кураш факультети ташкил этилди.
2021 йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси ташкил этилди.
2021/2022-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига кураш ихтисослиги бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки бараварга оширилди. Бошқа жисмоний маданият йўналишлари мавжуд олий таълим муассасаларида кураш бўйича мутахассисликлар очилиб, талабалар ўқишга қабул қилина бошланди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси моддий-техник базасини ривожлантириш юзасидан янги замонавий кураш зали очилиб, кураш гиламлари билан таъминланди.
Кафедранинг янги замонавий кураш залида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш юзасидан талабалар ва университет яқинидаги маҳалла ёшлари учун тўгараклар ташкил қилиниб, ҳозирда талаба-ёшлар кураш миллий спорт тури билан шуғулланиб келмоқда.
2021/2022-ўқув йилидан бошлаб 6 сентябрь – Халқаро кураш кунига бағишлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўртасида “Кураш менинг севимли спортим” шиори остида Флешмоб тадбирлари, талаба-ёшлар ўртасида Университет биринчиликлари ташкил қилинмоқда.
2021/2022-ўқув йилидан бошлаб 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб университет профессор-ўқитувчилари ўртасида “Ректор кубоги” мусобақаси ташкил қилинмоқда.
2020 йилдан бошлаб ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича “Ўзбек полвони” республика мусобақасини ўтказиш белгиланган бўлиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессор-ўқитувчилари ушбу мусобақада фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Кураш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш юзасидан Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан “Кураш усуллари”, “Кураш техникаси ва ўқитиш методикаси”, “Янги ўрганувчилар учун кураш”, “Кураш ҳамма учун”, “Кураш усулларини ўргатиш методикаси” каби замонавий ўқув-қўлланма ва дарсликлар яратилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Спорт фаолияти: кураш ихтисослигида кундузги таълимда 344 нафар, сиртқи таълимда 344 нафар, жами 688 нафар талаба таълим олиб келмоқда. Булар орасида бугунги кунда 8 нафар Жаҳон чемпионати, 2 нафар Осиё чемпионати, 24 нафар Ўзбекистон чемпионати ҳамда Ўзбекистон кубоги мусобақалари ғолиб ва совриндорлари қаторидан жой олган талабалар таълим олмоқда.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Кураш институти ҳамкорлигида университет профессор-ўқитувчи ва талабаларига Курашнинг янги қоидалари, ўзбек курашининг энг ардоқли анъаналари ва махсус кийим боши, мусобақа ўтказиш жойи ва беллашувнинг давом этиш муддати, мусобақа ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари ва халқаро спорт меъёрлари бўйича семинар-тренинглар ташкил қилиниб, билим ва малакалари ошириб келинмоқда.
Маъруфжон ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Кураш факультети декани в.в.б.
Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
ЎзА