Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 20 декабрда имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилганидек, ота-боболаримиздан мерос курашнинг ривожини янги босқичга олиб чиқиш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва хорижий мамлакатларда янада кенг тарғиб қилишда ахборот воситалари, ўтказилаётган тарғибот ишларининг алоҳида ўрни бор.
Шу мақсадда Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида “Кураш” илмий-оммабоп электрон журнали чоп этилиши йўлга қўйилди.
Куни кеча “Кураш” илмий-оммабоп электрон журналининг илк сони чоп этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Соҳа фидойиларининг дил сўзлари, кураш спорт турида улкан ютуқ ва марраларни забт этиб келаётган спортчилар ва кураш маликалари ҳақида қизиқарли мақола, суҳбатлар, мусобақа ва турнирлар ҳақида янгиликлар ўрин олган электрон журнал кураш спортига қизиқадиган барча юртдошларимиз ва бутун дунёдаги кураш мухлисларига энг қизиқарли маълумотларни тақдим этиб бориши назарда тутилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА