Кураш бўйича халқаро даражадаги ҳакамлар сони ортмоқда
Миллий спортимиз курашнинг халқаро майдонда оммалашишида, дунёнинг турли мамлакатларида нуфузли мусобақа ва чемпионатлар ўтказилишида кураш қонун-қоидаларини мукаммал биладиган ҳакамларнинг ўрни беқиёс.
Давлатимиз раҳбарининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидек, курашни оммалаштириш, унинг жаҳон спорти дурдонасига айланишига ва Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришишда ҳакам ва мутахассислар муҳим ўрин эгаллайди.
Шу мақсадда яқинда, яъни жорий йилнинг 23-29 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхободда кураш бўйича катталар ўртасида ўтказилган XIV жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндор спортчилар аниқланиши билан бирга, кураш бўйича ҳакам ва мураббийлар учун халқаро семинар ва имтиҳонлар ҳам ташкил этилди.

Чемпионат давомида Кураш халқаро институти мутахассислари томонидан ҳакамлар учун назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Ўзбекистонлик ҳамда халқаро тажрибага эга кураш мутахассислари иштирокида ўтган семинарлар натижасида 20 нафар кураш ҳаками чемпионат баҳсларида бевосита иштирок этди.
Халқаро кураш ассоциацияси ҳакамлар қўмитаси, техник қўмита ҳамда Халқаро кураш институти мутахассислари бошчилигида мураббий ва ҳакамлар тест ва амалий имтиҳонлардан ўтказилди.
Имтиҳонлар якунига кўра, юқори баҳо олган 14 нафар кураш ҳаками 2-3 юлдузли рейтингга сазовор бўлгани куни кеча Халқаро кураш ассоциацияси томонидан эълон қилинди.

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган мутахассислар тегишли даражадаги сертификатларга эга бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА