Кураш бўйича Осиё чемпионати Таиландда ўтказилади
Бугун, 21 июль куни Осиё-Океания кураш конфедерациясининг онлайн йиғилишида ёшлар ўртасидаги жорий йилги қитъа чемпионати 4-8 сентябрь кунлари Таиланднинг Чонбури шаҳрида ўтказилиши эълон қилинди.
Маълумки, Таиланд халқаро спорт мусобақаларининг ўзига хос марказларидан бири ҳисобланади. Мамлакат пойтахти Бангкок шаҳридан 70 км узоқликдаги Чонбурида ҳар йили жуда кўплаб спорт турларидан жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар ўтказилиб келинади.
Осиё Олимпия кенгаши томонидан ҳам кейинги йилда Бангкок ва Чонбури шаҳарларига Ёпиқ иншоотлар жанг санъатлари бўйича VI Осиё ўйинлари мезбонлиги ишониб топширилган. Мазкур Осиё ўйинлари дастуридан ўзбек спорти кураш расман ўрин олган.
Онлайн йиғилишда Осиё-Океания Кураш конфедерацияси миллий федерациялар томонидан келиб тушган мурожаатлар ҳамда Таиланд томонидан тақдим қилинган режа асосида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини мазкур шаҳарда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингани таъкидланди.
Чемпионатда қитъанинг 20 ёшгача бўлган энг кучли спортчилари иштирок этади.
Қитъа биринчилиги доирасида 1-2 юлдузли IKA ҳакамлари имтиҳонлари ҳам бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА