Пойтахтимиздаги "Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилаётган “Кураш спортини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда дунёнинг турли давлатларидан келган кураш мутахассислари иштирок этмоқда.
Курашнинг ривожланиш истиқболлари, Осиё ўйинларидаги ўрнини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда янада оммалаштириш, илмий адабиётлар яратиш каби бир қатор йўналишларни қамраб олган конференциянинг очилиш маросимида Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакат кураш федерацияси мутасаддилари, Халқаро кураш институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети олимлари, мутахассислар иштирок этди.

Муҳокамалар жараёнида бугунги глобаллашаётган даврда курашни Олимпия спорт турлари қаторига киритиш йўлидаги қадамлар, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, замонавий технологиялар ҳамда коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда назарий ва амалий машғулот жараёнларини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, мавжуд муаммолар, ечимини кутиб турган масалалар, ташкил этилаётган турнир ва чемпионатлар, машғулот жараёнлари, яратилаётган адабиётлар, кураш спорт турининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, жиҳоз ва инвентарлар ишлаб чиқиш тизимини йўлга қўйиш борасидаги ишлар танқидий кўриб чиқилди.

Конференция турли шўъба ва йўналишларда ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА