Кунгабоқарнинг хорижий навлари етиштирилмоқда
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бекобод туманидаги Деҳқонобод массивида жойлашган “Бойбўта” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Бу ҳудуддаги 15 гектарлик майдонда уруғли ва мойли кунгабоқар етиштирилмоқда. Айтиш мумкин, ушбу ўсимлик хорижий нав бўлиб, асосан россиялик инвесторлар томонидан молиялаштирилган.
Туман бўйича умумий 650 гектар майдонда экилган кунгабоқар нави сифатли уруғ олиш ва ўсимлик мойи ишлаб чиқариш мақсадида парвариш қилинмоқда. Ушбу кунгабоқар навининг маҳаллий навлардан фарқи шундаки, ундан одатдагидан кўра кўпроқ ёғ олиш мумкин. Шунингдек, ўсимликнинг ҳосилдорлиги ҳам юқори, иқлим шароитига мослашувчан, уруғлари унувчан ҳисобланади.

Таъкидланишича, етиштирилаётган кунгабоқардан ўртача ҳисобда гектаридан 3,5-4 тоннагача ҳосил олиш режалаштирилган. Вазир ўз навбатида, ер унумдорлиги ва ҳосилдорликни янада ошириш учун кўпроқ ўғитдан фойдаланиш кераклиги борасида тавсия берди. Бунинг натижасида экин илдиз тизимини барқарор озуқа билан таъминлашда ернинг қуввати меъёр даражасига етишини маълум қилди.

Шу билан бирга, вазир бундай ёндашувларнинг қамровини янада кенгайтириш, ўсимлик мойи ишлаб чиқаришда янги таклифлар тақдим этиш, кунгабоқарнинг хорижий навларини юртимиз тупроғи ва иқлимига мослаштириш, унумдорлигини ошириш каби йўналишларда кўрсатмалар берди.
А.Мусаев,ЎзА.