Кунчиқар юрт инвесторлари - Фарғонада
Фарғона шаҳрида япониялик ишбилармонлар ҳамда вилоят тадбиркорлари иштирокида Фарғона-Япония иккинчи бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда кунчиқар юртдан 40 дан ортиқ йирик компания вакиллари онлайн ва офлайн тарзда қатнашди.
Таъкидланганидек, анъана тусини олган ушбу тадбир Ўзбекистон-Япония ўртасидаги савдо алоқаларини янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, ўтган йилги форум натижасида япониялик ишбилармонлар томонидан Фарғона вилоятида 8 та лойиҳа шакллантирилиб, амалиётга йўналтирилган бўлса, бу гал айнан шу лойиҳалар архитекторлари ва қурувчилари тадбирда шахсан иштирок этаётгани маълум қилинди.
Жумладан, япониялик ишбилармон Окудa Тaкефуми Фарғона шаҳридаги Экошаҳар ҳудудида 3 гектар майдонда барпо этишга киришилаётган, қиймати 15 миллион долларлик “Shogun city” япон боғи, меҳмонхона, ресторанлар мажмуаси лойиҳасининг бориши ҳақида маълумот берди. Шунингдек, бошқа япон инвесторлари ҳам янги лойиҳалари билан таништириб ўтдилар.
Фарғона вилоятининг инвестициявий, савдо-иқтисодий салоҳияти, хорижлик инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида форум иштирокчилари учун тақдимот ўтказилди.
[gallery-20494]
Форум доирасида япониялик ва фарғоналик ишбилармонлар ўртасида ўтказилган B2B учрашувларда ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди. Шунингдек, меҳмонлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги лойиҳалар, Фарғона шаҳридаги Экошаҳар қурилиши билан танишдилар, Риштон туманидаги кулолчилик марказида бўлдилар.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА