Кунчиқар давлатда Чуст пичоғи довруғи ёйилмоқда
Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Япониянинг “Chunichi” нашри ўз ракурсини Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг илк бор пичоқлар шаҳри – Секига қилган сафарига қаратди.
Мақолада мазкур ташриф доирасида Гифу префектураси губернатори Хажиме Фурута билан бўлиб ўтган учрашувда ҳудудлараро шерикликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилингани таъкидланган.
Элчимиз Секи Ситига иқтисодиёт, маданият ва инсон ресурси бўйича алоқани чуқурлаштириш мақсадида ташриф буюриб, шаҳар мэри Киёши Ямашита билан шаҳардаги объектлар ва корхоналарни айланган, Секи темирчилик анъаналари музейида япон қиличи ясалишини томоша килган, Оно пичоқ фабрикасида япон пичоқларини ясаш анъанаси ва илғор технологияси билан танишган.
Кўп асрлик тарихга эга пичоқ саноати марказларидан бири ҳисобланмиш Наманган вилоятининг Чуст тумани ва Секи шаҳри ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклифини томонлар илиқ кутиб олгани эътироф этилган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА