Кун хабарлари қисқа сатрларда
Қозоғистонда Республика Куни байрами қайта тикланди
Қозоғистонда жорий йилда кўп йиллардан буён илк бор Республика куни нишонланадиган бўлди. Давлат раҳбарининг фармонига кўра, 25 октябрь орадан 13 йил ўтиб яна миллий байрамлар тақвимига киритилди.
Айнан, 1990 йил 25 октябрда Қозоғистон ССР давлат суверенитети тўғрисида Декларация қабул қилинган.
* * *
БМТ Бош котиби дунё аҳлига янги йил мурожаатини йўллади
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш янги йил олди мурожаатини эълон қилди. Унда 2023 йилда сайёрамизда тинчликка эришиш зарурлиги таъкидланади.
«Ўтиб бораётган 2022 йил мураккаб бўлди. Украина, Афғонистон, Конго демократик республикаси ва бошқа бир қатор мамлакатларда одамлар вайрон бўлган уйларини тарк этишга ва қандайдир яхшироқ ҳаёт қидириб одатий турмуш тарзини ўзгартиришга мажбур бўлди. 2023 йилда биз энг аввало ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлган тинчликка эришишимиз керак», – деб баёнот берди Гутерриш.
* * *
Саудия Арабистонида Рождество байрамини нишонлашга рухсат берилди
Financial Times газетасининг ёзишича, бу йил Ар-Риёдда савдо марказларида Рождество арчаларини харид қилиш имконияти пайдо бўлди. The Guardian ҳам савдо марказларида Рождество байрами рамзлари бўлган турли буюмлар, ўйинчоқлар, сунъий қор ва ҳатто Рождество арчалари дўкон ва кафеларга қўйилгани ҳақида ёзмоқда.
Бундан ташқари, Саудияда чиқадиган расмий газеталардан бири тарихда илк бор Рождествога бағишланган байрам сонини эълон қилди. “Саудияликлар Рождество руҳини ҳар қачонгидан ҳам чуқурроқ ҳис қилмоқда”, – дейилади инглиз тилида чиқадиган расмий Arab News газетасининг биринчи саҳифасида берилган мақолада.
* * *
Канадада 1,2 миллион хонадон электр таъминотисиз қолди
Канаданинг шарқий ҳудудида кучли қор бўронлари ва муз ёмғирлар ёғиши натижасида 1,2 миллионта хонадон электр таъминотисиз қолди, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги.
Айниқса Квебек провинциясида вазият оғир, дейилади хабарда. Бу ерда 670 мингта хонадон чироқсиз қолган.
* * *
Меркель Украина можаросини ҳал қилишда қатнашмаслигини маълум қилди
“Бундай масала қўйилгани йўқ», – деди у Sette ҳафталигига берган интервьюсида. Меркелнинг қўшимча қилишича, у Украина можароси қандай тугашини билмайди. «Бир куни музокаралар орқали тугайди. Урушлар музокаралар столида тамом бўлган”, – деган экс-канцлер.
* * *
Дунё аҳли XX арнинг энг зўр футболчисига мотам тутмоқда
Бразилиялик афсонавий футболчи, уч маротаба жаҳон чемпиони бўлган Пеле 82 ёшида вафот этди, деб ёзмоқда Associated Press агентлиги. Пеле аргентиналик футболчи Диего Марадона билан бир қаторда XX асрнинг дунё бўйича энг зўр футболчиси сифатида тан олинган.
* * *
Исроилда мухолифатчилар намойишга чиқди
Исроилда янги ҳукуматнинг илк йиғилиши ўтаётган пайтда мухолифат Тел-Авивда норозилик намойиши ўтказиб, шаҳарнинг асосий кўчасини тўсиб қўйди.
Бир соат давом этган намойишда куни кеча истеъфога чиққан Яир Лапид ҳукуматида Транспорт вазири бўлиб ишлаган, "Авода" партияси етакчиси Мейрав Михаэли ҳам иштирок этгани айтилмоқда.
* * *
БМТ Толибларни аёллар ҳуқуқини камситувчи буйруқларни бекор қилишга чақирди
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини камситувчи буйруқларни зудлик билан бекор қилишга чақирди. У шунингдек, яқинда аёлларнинг ноҳукумат ташкилотларда ишлашини тақиқловчи кўрсатмани ҳам бекор қилиш кераклигини таъкидлаб ўтган эди.
* * *
АҚШ Хитойни дунёдаги мавжуд тартибни ўзгартира оладиган рақиб сифатида кўрмоқда
Хитой ушбу мақсадга эришиш учун иқтисодий, дипломатик, ҳарбий ва технологик қудратини оширмоқда, дейилади давлат департаментининг расмий вакили Веданта Пателанинг берган баёнотида.