Ватанимиз тарихидаги 30 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1398 йил (бундан 626 йил олдин) – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темур шарафига Жанжонда йигирма икки ёшли набираси Пирмуҳаммад томонидан базм уюштирилди. Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, амирзода бобоси Темурбекка арабий арғумоқ отлар, тилла камарлар, идиш-товоқлар, эгар-жабдуқлар, аёқлар, кийим-кечаклардан анъанага кўра тўққиз-тўққиз тарзда пешкаш (инъом)лар қилади.
Пешкашларнинг сони шу даражада кўп эдики, икки кун давомида муншийлар ва дафтардорлар томонидан ҳисобга олиниб, рўйхатга битилади. Соҳибқирон набираси келтирган тортиқларнинг барчасини амирларга, вазирларга, хосларга унвонига ва тутган мавқеига қараб бўлиб беришни буюради. Бу ҳам Соҳибқироннинг нақадар сахий бўлганидан далолат.
Мўлтон қалъаси ва унинг атрофидаги мавзеларни забт этиш чоғида амирзода Пирмуҳаммаднинг лашкари кўп машаққат тортган, сурункали давом этувчи ёмғир мавсуми натижасида юзага келган лойгарчилик кўпгина от-уловларни ишдан чиқариб, суворийлар пиёда қолган эди. Шу куни Амир Темурнинг фармонига кўра Пирмуҳаммадга ўттиз минг от берилади. Натижада уловсиз қолган суворийлар қайтадан отга эга бўладилар. Қайд этиш жоизки, кейинчалик Амир Темур вафоти олдидан айнан набираси Пирмуҳаммадни ўзига валиаҳд деб эълон қилган эди.
1400 йил (бундан 624 йил олдин) – Амир Темур ўзининг етти йиллик юриши даврида Суриянинг шимоли-ғарбидаги Ҳалаб қалъаси (Алеппо)ни эгаллади. Мисрнинг мамлук султони бу қалъага бутун Шом (Сурия)дан кучларни йиғиб келганди. Шаҳар ўрта асрнинг энг мустаҳкам қалъаларидан бўлиб, унинг деворида икки қатор арава бемалол юриши мумкин эди. Ҳалаб икки кунлик қамалдан сўнг таслим бўлди.
1404 йил (бундан 620 йил олдин) – Соҳибқирон салтанатига келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг қайд этишича, Амир Темур ўзининг суюкли набираси, уни ўзидан кейин тожу тахтнинг ягона вориси деб билган Муҳаммад Султон хотираси шарафига бунёд этилган масжид-мақбарани бориб кўрди. Соҳибқирон бу ерда ўз неварасининг хотирасига худойи қилди. Маъракага элчилар ҳам таклиф этилди.
Амир Темурнинг Боязид I Йилдиримга қарши юришида Муҳаммад Султон фаол қатнашади. У Кичик Осиёнинг ғарбий чеккасигача боради. У ердан қайтаётиб, 1403 йил 12 мартда Қора Ҳисор мавзесида шамоллаб 27 ёшида вафот этади. Клавихонинг сўзларига кўра, Муҳаммад Султон вафот этгач, жасади дафн этиш учун Самарқандга жўнатилган ва ўшанда шаҳар маҳкамасига ушбу масжид-мақбарани қуриш топширилган.
Соҳибқирон 1404 йили, етти йиллик юришдан Самарқандга қайтгандан сўнг мақбара жуда паст қурилгани сабабли бундан унинг кўнгли тўлмай, мақбарани бузиб ташлаб ўн кун ичида янгисини бунёд этишни буюради. Кечаю кундуз давом этган қурилишни унинг шахсан ўзи икки марта келиб назорат қилади. Шу тариқа, улкан мақбаранинг қурилиши жуда қисқа муддатда – атиги ўн кун ичида битказилади.
1418 йил (бундан 606 йил олдин) – Мирзо Шоҳрух ҳукмронлигидаги Темурийлар давлати билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Хитой империяси Ҳиротга навбатдаги элчилик миссиясини юборди. Мазкур элчиликка ҳарам оғаси Ли-Та бошчилик қилган. Улар Шоҳрухга императорнинг мактубини тақдим этганлар.
1910 йил (бундан 114 йил олдин) – тошкентлик патолог-олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач Асадулла Маърупов таваллуд топди (вафоти 1965 йил).
1919 йил (бундан 105 йил олдин) – Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси Президиуми Республика Марказий архив бошқармасини тузиш тўғрисида қарор кабул килади.
1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Тошкентда тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, шоир Хожа Аҳмад Яссавий меросига бағишланган халқаро илмий-маърифий конференция очилди.
1999 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Архив иши бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчилари ва уларнинг тренерларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Маънавият фидойиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони тўғрисида низом, кўкрак нишон ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”, “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон банки иштирокида «Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади