Ватанимиз тарихидаги 11 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1866 йил (бундан 158 йил олдин) – Россия империяси қўшини генерал Крижановский бошчилигида Жиззах қамалига киришди. Шаҳарга борадиган сув йўллари беркитилиб, Жиззах қамали бир ҳафта давом этди. Шаҳар мудофаачилари, ватанпарвар кучлар шаҳарни астойдил ҳимоя қилдилар. Рус манбаларининг таъкидлашича, руслар ҳеч қаерда бундай қаттиқ қаршиликка дуч келмаган эдилар. Қамалнинг ҳар куни қақшатқич курашда ўтди. Шаҳар мудофаачиларининг сабр-қаноати, жасоратига рус ҳарбийлари ҳам тан берганлар. Бироқ мудофаачилар мағлуб бўлдилар.
1886 йил (бундан 138 йил олдин) – Самарқанд ва Фарғона вилоятларининг гербини тасдиқлаш учун Туркистон генерал-губернатори Россия империяси ҳарбий вазирига илтимоснома юборди. Тадқиқотчи Жамшид Адиловнинг ёзишича, бунга жавобан 1886 йил 24 ноябрда Ҳарбий вазирликнинг Бош штаби бошлиғи ва Осиё департаменти мудири олий даражада тасдиқлаш учун ўлка генерал-губернаторидан вилоятлар герблари лойиҳаларини (тасвири билан) юборишни сўради. Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, кейинчалик бу ҳаракатлар Россия империяси Сенати ҳузуридаги герольдмейстер зиммасига ўтказилди.
1906 йил (бундан 118 йил олдин) – Махмудхўжа Беҳбудий “Хуршид” газетасида босилган “Хайрул умури авсатуҳо” (“Ишларнинг яхшиси ўртачасидур”) номли мақоласида социалистик таълимотни ва уни Россияда амалга оширишга уринган большевиклар партиясини кескин қоралаб чиқди.
1919 йил (бундан 105 йил олдин) – Тошкентдаги товар станцияси ҳовлисида Туркистон ўлкасидаги биринчи шанбалик ўтказилди. Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин иккинчи шанбалик бўлиб ўтди. Унда 500 га яқин киши иштирок этди. Тошкентдаги шанбаликни ўтказишга шаҳар партия қўмитаси раҳбарлик қилди, унинг ҳузурида махсус «шанбаликлар бюроси» таъсис этилган эди.
1932 йил (бундан 92 йил олдин) – Ўзбекистондаги барча илмий-тадқиқот институтлари ва муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон CCP Марказий Ижроия Қўмитаси ҳузурида Фан қўмитаси ташкил этилди.
1938 йил (бундан 86 йил олдин) – ҳаво ҳужумидан мудофаа ишига жамоатчилик кўмагини ташкил этиш мақсадида Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ректори раислигида Ҳаво ҳужумидан мудофаага кўмаклашиш кенгаши тузилди.
1956 йил (бундан 68 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон зиёлилари биринчи съездининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Съездда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Нуриддин Муҳиддинов тарихий нутқ сўзлади. Ўша кунларда босилган «Қизил Ўзбекистон» газетасида берилган нутқ матнида қайд этилишича, жумладан, Нуриддин Муҳиддинов Абдулла Қодирийнинг оқланиши ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
“Ўртоқлар, ўзингиз айтинг, Навоий асарларидан сўнг то шу даврга қадар Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари каби қўлма-қўл бўлиб келган бирон китоб борми? Абдулла Қодирий – Жулқунбой каби машҳур ўзбек ёзувчисининг жиноятчи бўлганлигига ишониш қийин! Абдулла Қодирий – Жулқунбойни оқлаш ва унинг асарларини қайтадан нашр этиш керак...»
1966 йил (бундан 58 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий Қўмитасининг “Сергелига кўчиб ўтиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Сергелини қуриш лойиҳа-сметаси 48 миллион рублни ташкил этди. Қурилиш ишлари 1966 йил ноябрь ойидан бошланиб, 1967 йил бошигача Сергели туманида 150 минг метр квадрат уй-жой қуриб битказилди. Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатиш учун олиб борилган бунёдкорлик ишлари янги бир йўлдош шаҳар – Сергели пайдо бўлишига замин бўлди.
1982 йил (бундан 42 йил олдин) – Тошкентда Осиё ва Африка халқлари бирдамлиги ташкилоти президиумининг биринчи мажлиси очилди. Ушбу йиғилишда иштирок этиш учун Ўзбекистон пойтахтига Осиё ва Африканинг 64 мамлакати ҳамда кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрди.
1989 йил (бундан 35 йил олдин) – ўзбек тилига Давлат тили мақомини бериш ҳақидаги қонуннинг янги лойиҳаси матбуотда эълон қилинди. Мазкур янги лойиҳа дастлабки лойиҳалар муҳокама қилинган тўрт ой давомида комиссияга келиб тушган, жами 150 мингдан ортиқ киши имзо чеккан тўрт мингга яқин мактублардаги таклифлар асосида тайёрланган эди.
1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Москвада Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон билан Марокко Қироллиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида ҳужжат имзоланди.
1999 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тожикистон Республикасида (Душанбе ш.) Ўзбекистон Республикасининг элчихонасини очиш тўғрисида”ги қарори қабл қилинди.
2006 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2014 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик шахсларнинг номлари ва рамзларида давлатнинг расмий номидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабл қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.