1913 йил (бундан 108 йил олдин) – Хива хони Асфандиёрхоннинг бош вазири – “Вазири акбар” Сайид Исломхўжа хон саройи Нуруллабойдан уйига фойтунда қайтиб боришда кечқурун соат 9 ларда қатл этилди.
Бош вазир фойтунда Рафаник боғи кунчиқар томонида “Ўғлон Азизбобо” қабристони яқинидан ўтиб бораётган вақтда қабристондан тўсатдан икки киши сакраб чиқиб, ҳужум қилишади. Улардан бири извошчига, иккинчиси Исломхўжага ташланди. Қотиллик амалга оширилган жойга яқинроқда яна ўнтача кишининг ёрдамга тайёр турганликлари ҳам тахмин қилинади. Кўзга ташланиб қолмаслиги учун эҳтиёт шарт дастлаб фойтундаги фонарлар ўчирилади. Тўсатдан юз берган даҳшатдан ва танасига урилган қилич зарбидан извошчи ҳушидан кетади...
Тарихчилар Отамурод Қўшжонов ва Неъматжон Полвоновларнинг қайд этишларича, Исломхўжанинг ёнида қимматбаҳо буюм ва кўп миқдорда пуллари бўлишига қарамасдан қотиллар унинг чўгирмасидан (олий навли барра терисидан тикилган телпакдан) ташқари бирор нарсасига тегмаганлар. Чўгирмасини ҳам ирим-сирим мақсадида олиб кетганлар. Чунки ўша вақтда хиваликларда шундай ирим бор эканки, агар қатл қилинганнинг чўгирмасидан бир парчаси куйдирилса, жиноятчининг ўзи келиб қотиллигини тан олар экан. Мана шундай воқеа юз бермаслиги учун қотиллар Бош вазирнинг бойлигига тегмай, бироқ чўгирмасини олиб кетишни унутмаганлар, деган гап-сўз юрарди халқ орасида.
1949 йил (бундан 72 йил олдин) – санъатшунос олим, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Акбар Ҳакимов таваллуд топди. Унинг илмий ишлари Ўрта Осиё бадиий ҳунармандлиги масалаларини ўрганишга бағишланган. У 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1973 йил (бундан 48 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан республикамиздаги маданий мерос объектларига бой 10 шаҳар – Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Кармана, Қўқон, Қарши, Ғиждувон тарихий шаҳарлар рўйхатига киритилди. Бу шаҳарларнинг тарихий марказлари, қўриқхоналари ҳудудидаги барча янги қурилиш, қайта қуриш ҳамда бошқа ишлар Маданият вазирлиги ва Фанлар академияси билан келишилган ҳолда режалаштириш, амалга ошириш кераклиги белгиланди.
2007 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан ЮНЕСКО ўртасидаги икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришдаги катта хизматлари, ўзбек халқининг бой маданий, маънавий ва тарихий меросини кенг халқаро жамоатчилик орасида фаол тарғиб қилгани, шунингдек таълим, фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Майкл Барри Лейн “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ташкил этилди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА