1603 йил – ҳижрий 1012 йил раббиул аввал ойининг ўн бешинчи куни Урганчда шайбонийлар сулоласига мансуб бўлган Хива хони ва йирик тарихчи олим Абулғози Баҳодирхон таваллуд топди.
Унинг «Шажарайи тарокима» ва «Шажарайи турк» асарлари Ўзбекистон, умуман Ўрта Осиё тарихига оид қимматли манбалардан ҳисобланади. Абулғози Баҳодирхон тиббиёт илмига оид «Манофиъул инсон» («Инсонга фойдали нарсалар») номли асар ҳам ёзган.
1907 йил – драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий Нижний Новгородда Русия мусулмонларининг қурултойида туркистонликлар гуруҳини бошқарди ва катта нутқ сўзлади.
1920 йил – Бешим Сардор бошчилигидаги ёлланма туркман отлиқларининг Чоржўй яқинидаги Сақор бозорни ишғол қилиши билан тарихда «ялпи қўзғолон» деб аталган Бухоро амирлигига қарши ҳаракат бошланди. Бешим Сардор ва Чоржўй коммунистлари дарҳол Эски Чоржўйни ишғол қилдилар, юздан ортиқ амалдорлар қамоққа олинди. Чоржўй беклиги хазинаси қўлга киритилиб, бу бойликлар дарҳол Чоржўй ревкоми ва янги ҳукумат қўлига ўтди. Илгаридан келишувга кўра шу куни Чоржўй ревкоми «Бутун Бухоро халқи номидан» Фрунзе бошчилигидаги Туркистон фронтига ёрдам сўраб мурожаат қилди, ваҳоланки Бухоро халқи бундан бехабар эди.
1994 йил – Москвада Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси билан Молдова Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳақида Протокол имзоланди.
2002 йил – Президент фармонига асосан, Ўзбекистон фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган, бутун ҳаётини Ватан, халқ ва миллат тараққиётига бахшида этган бетакрор истеъдодли ватандошларимизнинг хотирасини ёд этиб ҳамда улар қолдирган катта илмий-ижодий меросни инобатга олиб, бир қатор марҳум олим ва санъаткорлар: академиклар Ҳабиб Абдуллаев, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов, Собир Юнусов, Тошмуҳаммад Қори Ниёзий, Яҳё Ғуломов; Ўзбекистон санъат арбоблари Тўхтасин Жалилов, Игор Савиский; Ўзбекистон фан арбоби Ҳамид Сулаймонов; Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаевлар «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
2004 йил – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган марҳум фан, адабиёт ва санъат арбобларини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан, Ўзбекистон халқ артистлари Ҳожихон Болтаев, Муҳаммаджон Мирзаев, Наби Раҳимов, Ойимхон Шомуротова, Сора Эшонтўраева; шоир Ҳамид Олимжон; академик Всеволод Иванович Романовскийлар «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
2019 йил – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади