Кун хабарлари қисқа сатрларда
Жиззах вилояти Мирзачўл тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари З.Сайидов ҳудуддаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашди.
Жиззах вилояти Мирзачўл тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари З.Сайидов ҳудуддаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашди. Унда ушбу муассасада “Ёш тадбиркор” тўгарагини очиш тўғрисида билдирилган таклиф шу жойнинг ўзида ҳал этилди.
11-синф ўқувчиси Дилрабо Абдуманнопова томонидан битирувчиларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш учун бизнес тўгарак очиш тўғрисида таклифи тадбирда иштирок этаётган 80 нафар ёшнинг кўпчилиги томонидан қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
– Масалан, мен қандолатчиликка қизиқаман, – дейди битирувчи Нуриддин Халосов, — Аммо мактабни битирганимдан сўнг уни ўрганишга яна анча вақт сарфлашим керак. Шунинг учун бундай тўгарак фақат менга эмас, барча битирувчилар учун жуда фойдали бўлади.
Учрашувда ёшлар янги Солиқ кодексидаги асосий ўзгаришлар, тадбиркор томонидан тўланадиган солиқлар ҳақида батафсил маълумот олишди.
***

Жиззахда “Хотин-қизларнинг фаоллиги – жамият ривожининг муҳим омили“ мавзусида хотин-қизларнинг вилоят ҳокими билан учрашуви бўлиб ўтди.
Жиззах политехника институтида ўтган тадбирда шаҳар ва туманларнинг хотин-қизлар қўмиталари раислари, тадбиркор аёллар, педагоглар, ташаббускор талаба қизлар, “Зулфия“ номидаги давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Унда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, 2019 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларга батафсил тўхталди.
Тадбирда “Ўзбекистон аёлларининг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси” танловининг 25 нафар қатнашчилари эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
***
“Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Хусусан, биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқариш учун корхонада ишчи-ходимларнинг фарзандлари ўртасида шеърхонлик ва рассомчилик йўналиши бўйича ўтказилган беллашув жажжи болажонларга хурсандчилик ва яхши кайфият улашди.
Шунингдек, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган ишчи-ходимлар ўртасида волейбол спорт тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган корхона биносининг “Call centre” хонасида ишчи-ходимлар матн киритишда беллашдилар.
Корхона ходимлари ўртасида ўтказилган Алишер Навоийнинг “Хамса” асари бўйича викторина барчага ўзгача кайфият улашди.
***

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди ташаббуси билан туманлараро (туман) иқтисодий судлари судьялари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси, Нукус шаҳри ва барча туманлар солиқ инспекциялари масъул ходимлари иштирокида “Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексини амалиётда қўллаш масалалари” мавзусида видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда бир қатор туманлараро иқтисодий суди раислари янги таҳрирдаги Солиқ кодексига юридик шахслар учун киритилган енгилликлар борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг бўлим бошлиғи А. Утеев тадбиркорларга яратилган қулайликлар, солиқ тўлаш тартиблари ва муддатлари ҳақида тушунчалар берди.