Кун хабарлари қисқа сатрларда
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган “Тупроққалъа“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида навбатдаги сайёр хизмат кўрсатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган “Тупроққалъа“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида навбатдаги сайёр хизмат кўрсатилди.
Тадбирда 48 нафар фуқаронинг фарзандини маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 21-мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш бўйича аризалар қабул қилинди. Тумандаги ихтисослаштирилган санъат мактабининг битирувчи ёшларига СТИР олиш, жамғарилиб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш, электрон рақамли имзо калитлари шу ернинг ўзида олиб берилди. Натижада 114 та сайёр давлат хизмати кўрсатилди.
Сайёр хизмат кўрсатиш давомида марказ ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида туман Халқ таълими бўлимига қарашли 22-умумтаълим мактабида 11-синф битирувчисига махсус ўқув дарси ўтилди. Тадбирда “Информатика ва ахборот технологиялари” фани ўқув дастурида “Электрон ҳукумат” тизими хизматидан фойдаланиш, талаб юқори бўлган давлат хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ягона порталдан фойдаланган ҳолда олиш кўникмаларига ўргатиш бўйича тушунчалар берилди. Бундан ташқари, аҳолига 162 та сайёр давлат хизмати кўрсатилди.
***

“Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва касаба уюшмалари қўмитаси томонидан ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Бу борада тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ бугунги кунгача Мўйноқ туманида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, шунингдек Элликқалъа туманидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва тарихий обидалар билан танишилди.
Шу асосда акциядорлик жамият тасарруфидаги корхоналарда фаолият юритаётган бир гуруҳ ёш энергетикларнинг Хоразм вилоятига саёҳати ташкил этилди. Саёҳат давомида улар Хива шаҳрида жойлашган кўплаб тарихий объектлар ва музейлар билан яқиндан танишдилар.
***

Гулистон давлат университетида “Янги Ўзбекистон – янгича ижодий ёндашувлар” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёзувчи-шоирлар, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаевлар мавзуга доир фикрларини тингланди.
– Ижодкорлар билан ўтадиган ҳар бир учрашув университетимиз жамоасининг доимий диққат марказида бўлган, – дейди университет матбуот котиби Равшан Маҳмудов. – Мазкур тадбирда 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга ошириладиган асосий вазифалар ҳақида ҳам фикрлашиб олинди.
***

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Тошкент, Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида “IT-Park” барпо этиш хусусида тўхталган эди.
Сирдарё вилояти ҳамда Гулистон шаҳри ҳокимликлари масъуллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари вилоят марказида қурилиш ишлари қизғин олиб борилаётган “IT-Park” биноси ва унинг лойиҳаси билан танишди.
Гулистон шаҳридаги Ўзбекистон шоҳ ва Самарқанд кўчалари кесишмасида жойлашган “IT – Park GULISTAN” ва “Ҳунармандлар маркази” биносининг умумий лойиҳа қиймати 12 миллиард 150 миллион сўмдан ортиқни ташкил этади. “IT-Park” биноси жорий йилнинг февраль ойи якунида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
***
Сирдарё вилояти ҳокимлиги қабуллар уйида Президентимизнинг 2019 йил 8 январидаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида фуқаролар мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказилди.
Ушбу қабул жараёнида 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. 14 та мурожаат шу жойнинг ўзида ҳал қилинди. 9 та мурожаат тегишли тартибда ўрганиб чиқиш учун вақт талаб қилганлиги сабабли мутасадди идоралар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди.
***

Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Сирдарё туманидаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабида фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракатланиш лозимлиги бағишлаб “Ўз уйингни ўзинг асра!” мавзусида профилактик тадбир ташкил этилди.
Профилактик тадбир давомида мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этишлари, ис газидан заҳарланишдан сақланишлари юзасидан атрофлича тушунчалар берилди. Амалий кўргазмали машғулотлар ўтказилди.
***
Гулистон давлат университети муассислигида мунтазам чоп этиб келинаётган “Университет овози” газетаси ташкил топганига 20 йил бўлди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси, уюшманинг вилоят бўлими раҳбарлари, ижодкорлар, университет ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Йиғилиш сўнгида газетанинг собиқ ходимлари ва бугунги фаолиятида энг фаол бўлган жамоатчи мухбирларига “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари топширилди.
***
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши вилоят хокимлиги билан ҳамкорликда 100 нафар фаол ёшларнинг Тошкент шаҳрига саёҳатини ташкил қилди.
Жиззахлик ёшлар пойтахтимизнинг тарихий, маданий ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Ёшлар пойтахт бўйлаб саёҳатлари халқимизнинг атоқли адиби Абдулла Қодирий музейи билан танишишдан бошланди.
Президентимиз ташаббуси билан ўтган йилнинг сўнги кунларида Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза кўчасидаги ижодкор яшаган хонадонда Абдулла Қодирий уй-музейи очилиши мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлганди. Бу қутлуғ маскандан ёзувчи-шоирлар, адабиёт мухлислари, маданият ва санъат намояндалари, музейшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари билан гавжум.
Адиб музейи Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига кираверишда барпо этилган. Жиззахлик ёшлар боғ дарвозаси қаршига ўрнатилган буюк адибнинг ҳайкалини зиёрат қилишди.
Тошкент бўйлаб саёҳат давомида ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси билан танишдилар.