Кумушкондаги меҳмон уйлари 18 тага етди
Бу эса соҳага алоқадор савдо, ҳунармандчилик, транспорт, умумий овқатланиш, меҳмон уйлари ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожи, шу аснода минглаб аҳолининг даромадига салбий таъсир кўрсатди.
Бутун дунёда коронавирус пандемияси туфайли халқаро қатновлар тўхтаб, транспортлар ҳаракати чеклангани жаҳон туризм бозорининг барқарор ўсиши, жумладан, Ўзбекистонда ҳам туризм ривожига катта зарар келтирди.
Бу эса соҳага алоқадор савдо, ҳунармандчилик, транспорт, умумий овқатланиш, меҳмон уйлари ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожи, шу аснода минглаб аҳолининг даромадига салбий таъсир кўрсатди.
Юртимизда карантин талабларининг юмшатилиши ички туризмни ривожлантириш учун йўл очди. Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам Паркент туманида меҳмон уйларининг ташкил этилаётгани ҳудуднинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилмоқда.
– Аҳоли ўртасида оилавий меҳмон уйи ташкил этишнинг афзаллиги, берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тушунтириш олиб бордик, – дейди Паркент тумани давлат хизматлари маркази директори Жаҳонгир Ризаев. – Кўрдикки, айрим оилалар ушбу йўналишда ўз бизнесини бошлашга қарор қилди. Карантин бўлишига қарамай ўтган вақт мобайнида марказимизга 20 нафардан зиёд фуқародан шу мазмундаги ариза келиб тушди. Ҳозиргача 18 та ариза ижобий қаноатлантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Меҳмон уйларини очган оилалар тадбиркорлигининг мавжуд мезонларга мослиги ўрганилиб, уларга тегишли сертификатлар тақдим этилди.
Кумушкон қишлоғи нафақат Паркент тумани, балки Тошкент вилоятида ҳам зиёрат ва тоғ туризмини ривожлантириш имконияти кенглиги билан ажралиб туради. Тоза ҳавоси, гўзал табиати ва зиёратгоҳлари билан маълуму машҳур. Шу қишлоқда яшовчи тадбиркор Музаффар Жўраев ҳам ҳудудда туризмни ривожлантириш, ўзининг оилавий корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида туман давлат хизматлари марказида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди. Замон талабларига тўла жавоб берадиган меҳмон уйида 20 нафаргача сайёҳни қабул қилиш имконияти мавжуд. Мазкур масканда келгусида 3 киши доимий иш билан банд бўлади.
– Йил давомида қишлоғимизга республикамизнинг барча вилоятлари, ҳатто хорижий давлатлардан ҳам меҳмонлар келади, – дейди кумушконлик Юлдуз Норбўтаева. – Қишлоғимизнинг гўзал тоғ манзаралари, тоза ҳавоси, минералларга бой зилол суви сайёҳларни ўзига ром этади. Фаолиятимиз тегишли тартибда сертификатланди. Қисқа вақт ичида тижорат банкидан 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдик. Бу маблағни оилавий меҳмон уйимиздаги шароитни янада яхшилаш, қўшимча бинолар қуришга сарфлаймиз.
Шу қишлоқда яшовчи яна бир юртдошимиз Илҳомжон Қодирқулов ҳам оилавий меҳмон уйи ташкил этиш борасидаги мурожаати қисқа фурсатда ижобий ҳал этилиб, оиласи билан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имконига эга бўлганидан мамнун эканлигини билдирди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Тошкент вилоятида жорий йил бошидан буён 500 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди.
Эркин Дорипов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар шўъбаси етакчи маслаҳатчиси.