Кумушконда олтин куз манзараси
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан журналстлар ва фатографлар учун Паркент туманининг сўлим ва баҳаво масканларига пресс-тур ташкил этилди. Ҳудуддаги энг сўлим масканларда сайёҳлар учун яратилган шароитлар таништирилди.
Олтин кузнинг ўзига хос ранг-баранглиги, далалар ва боғларда ҳосил йиғим терими авжига чиққан шу кунларда ҳудуднинг табиати кишини ўзига мафтун этади. Шу сабабли ҳозир бу ерга саёҳатга келувчиларнинг кети узилмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Кумушкон туризм қишлоғида 77 та меҳмон уйи фаолият юритади. Йил охиригача улар сони яна 100 тага кўпайиши режалаштирилган. Бу ишларни қишлоқда биринчилардан бўлиб бошлаган Инобат Ғиёсова “Кумушкон саховати” оилавий корхонаси ташкил этган. У йил бўйи минглаб саёҳларга хизмат кўрсатади.
– Ҳазрати Али бува зиёратгоҳига келганлар маҳалламиздаги хонадонларда дам олиб кейин кетади. Меҳмон уйи ташкил этганимизга расман кўп бўлмади. Бироқ аввалдан меҳмонларга хизмат кўрсатиб келганмиз. Меҳнатларимиз ортидан тўйлар қилдик, даромадимиз ошди. Мавсумда ишчиларимиз сони оила аъзоларим билан қўшиб ҳисоблаганда 15 нафарга етади. Уларга яхшигина маош тўлаймиз. Куз мавсумида ҳудудимиз табиати жуда чиройли ва сокин бўлади. Айнан шунинг учун шаҳар шовқинидан чарчаганлар биз томон интилади.
[gallery-9422]
Таҳлилларга кўра, Паркент туманида моддий маданий кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига 69 та манзил киритилган. Ҳозир улардан айримларининг фақат номи сақланган холос. Улардан бири “Масжидали” зиёратгоҳи – халқ орасида алоҳида меҳр билан ёдга олинадиган Ҳазрат Али номи билан боғлиқ кўркам қадамжо ҳисобланади. Бу жой вилоятнинг энг ажойиб диққатга сазовор жойларидан биридир. Зиёратгоҳда улкан чинор ва шифобахш булоқ суви зиёратчилар томонидан эъзозланиб, бу мўъжизаларни улар айнан Ҳазрат Алининг ташрифи билан боғлайди. Унинг ҳассасидан чинор дарахти кўкариб чиққан. Бу чинор ҳозир ҳам барқ уриб турибди. Ушбу ҳудудда қадимдан кумуш конлари мавжуд бўлиб, 5 та булоқ бор. Сувларнинг таркиби фойдали моддаларга бой ва инсон саломатлигига ниҳоятда фойдали ҳисобланади. Дастлаб, зиёратгоҳда 1982 йил қишлоқ аҳолиси томонидан ҳашар йўли билан 1 та хонақоҳ ва 1 та айвон қурилган. 2010 йилда маҳаллий усталар томонидан бинолар қайта таъмирланиб, масжид ҳам қурилган. Зиёратгоҳгача 60 та зинапояни босиб, ўтиш лозим. Шунингдек, зиёратгоҳ юқорисида ўтов қурилган бўлиб, у ерда музей, саёҳатчилар учун ҳунармандчилик ва каштачиликдан мастер-класс ўтказилади.
Пресс-тур давомида фотомухбирлар Кумушконнинг гўзал манзараларини суратга олди.
А.Мусаев,
Д.Эрназаров (сурат), ЎзА