Кулгу ва ҳажв: тарихдан замонавий маконгача
Кулгу – инсон руҳиятининг энг табиий ва кучли ифодаларидан бири. У шунчаки кайфият кўтариш воситаси эмас, балки жамиятдаги муаммоларни очиб берувчи, одамларни ўйлашга ундовчи ва ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим маданий ҳодиса. Ўзбек ҳажв ва кулгу жанрлари асрлар давомида сайқалланиб, халқнинг ҳаёт тарзини, менталитети ва ички кечинмаларини акс эттириб келган.
Бу борада Муқимий ва Завқий ижоди алоҳида ўрин тутади. Уларнинг сатирик асарлари орқали кулгу фақат завқ бағишлаш эмас, балки жамиятдаги иллатларни очиб бериш воситасига айланган. Кейинги даврда эса Ҳожибой Тожибоев каби санъаткорлар аския орқали кулгуни халқ қалбига янада яқинлаштирди.
Бугунги кунда ушбу жанр анъанавий саҳна ва телевидениедан чиқиб, YouTube, инстаграм ва ТикТок каби ижтимоий тармоқларга ҳам кўчиб ўтмоқда. Авваллари комедия, сатира, киноя, сарказм каби мураккаб жанрлар асосида яратилган кулгу бугун кўпинча содда ва тез истеъмол қилинадиган контентга айланган. Хусусан, айрим вайнларда кулгу кимнингдир хатти-ҳаракатини такрорлаш, ташқи кўринишини масхаралаш ёки юзаки ҳолатлардан фойдаланиш орқали яратилмоқда. Бу эса комедиянинг асл моҳиятини, ижтимоий танқид ва маънавий тарбия вазифасини заифлаштирмоқда.

Рақамли платформалар комедия яратишда эркинликни кучайтирди. Энди ҳар ким ўзини комик сифатида синаб кўриши мумкин. Бу янги истеъдодларнинг юзага чиқишига хизмат қилса-да, маълум қадар профессионаллик мезонларининг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Авваллари саҳнага чиқиш учун ижодкор маълум тайёргарлик, билим ва маҳоратга эга бўлиши зарур эди. Ҳозир эса қисқа видео орқали тез машҳурликка эришиш мумкин. Натижада, кўпинча чуқур мазмунга эга бўлмаган, вақтинчалик кайфият улашувчи контентлар кўпаймоқда.
Кўп ҳолларда бундай вазиятларда “талабга мос таклиф” деган фикр илгари сурилади. Аммо бу ёндашув бирёқлама. Чунки томошабиннинг диди ҳам қайсидир маънода шакллантирилади. Бу эса бевосита маданият ва санъат вакилларининг зиммасидаги вазифа.
Енгил-елпи, масхаралашга асосланган, баъзан эса беҳаё элементларга эга кулгулар қисқа муддатли “дофамин эффекти”ни беради, тез кулдиради ва тез унутилади. Аммо ҳақиқий санъат вақт синовидан ўтиб, инсонни ўйлантиради, тарбиялайди ва жамиятни ривожлантиришга хизмат қилади.
Кулгу ва ҳажв шунчаки кўнгилочар восита эмас, балки жамият ойнаси, ижтимоий танқид ва маънавий тарбия қуролидир. Замонавий технологиялар кулгу жанрини янги босқичга олиб чиқди, аммо мазмун ва сифат масаласини иккинчи даражага тушириб қўймаслик ҳам муҳим. Маданият вакиллари нафақат томошабинга мослашиши, балки унинг дидини юксалтириши, чуқур ва мазмунли асарлар яратиши лозим. Зеро, ҳақиқий кулгу фақат кулдириш эмас, балки англатиш ва ўзгартириш санъатидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА