Кучли давлатни салоҳиятли кадрлар қуради
Шарқ тафаккури гулшани ёрқин юлдузларидан бири Огаҳий илм ҳақида шундай ёзган эди:
Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамғаким,
Кимда ул бўлса, икки олам бўлур обод анго.
Дарҳақиқат, илм – ақл нури, инсонга бахт келтиради, кишини ёруғликка чорлайди, жаҳолатдан йироқлаштиради. Зеро, зиёли одам ҳамиша жамиятнинг маънавий байроқдори бўлиб келган.
Бугунги глобаллашув даврида вақт билан ҳамнафас яшаш, янгиликдан бохабар бўлиш замондан ортда қолмасликнинг муҳим шарти. Шу маънода бугунги ёшларимизнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши жуда муҳим.
ЎзА “Тенгдошим” лойиҳаси орқали шундай илғор юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қилиишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети докторанти Мухлиса Қўчқорова.
Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида туғилган Мухлисахон 25 ёшда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Француз филологияси” факультетида бакалавр, ЖИДУ “Халқаро муносабатлар ва жаҳон сиёсати” ҳамда Франциянинг “Perpignan Via Domicia” университети “Иқтисодиёт ва логистика” йўналишларида магистратура босқичини тамомлаган. Айни пайт ЖИДУ “Халқаро муносабатлар” йўналиши докторанти. Шу билан бирга Тошкент шаҳридаги ISFT университетида талабаларга сабоқ бериб келмоқда. Француз, инглиз ва рус тилларини ўзлаштирган.
Таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш йўқ!
– Болалигим жуда қизиқ ва фойдали ўтган. Ўқувчилик давримда она тили ва математикага ихлосим баланд эди. Оила аъзоларим, айниқса бобом менга доим вақтдан унумли фойдаланиш кераклигини уқтирган.
Шаҳардаги энг кучли мактабда, энг яхши устозлар қўлида таҳсил олганим ўз самарасини берган. Француз тилини 5-синфдаёқ ўргана бошлаганман ва бу хорижий тил кейинчалик ҳаётимнинг ажралмас бўлагига айланди.
Француз тилига ўзгача қизиқиш мени пойтахтга, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети томон етаклади. Ҳатто, 18 ёшимда фаранг юртида малака ошириш имконига эга бўлгандим. Ўшанда дунёнинг турли минтақаларидан келган талабалар билан фикр алмашиш, маданиятларни ўрганиш менда магистратурани айнан халқаро муносабатлар бўйича ўқиш истагини уйғотди.
Олий таълимнинг бу босқичида профессор-ўқитувчилар менга катта ёрдам беришди. Илмий ишим яхши баҳоланди ва мавзуни давом эттириш учун шу йилнинг ўзида иккинчи марта магистратурага ҳужжат топширдим. Қарангки, Франциянинг “Perpignan Via Domicia” университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим.
Ўзга юрт, нотаниш одамлар орасида яшаш, ўқиш осон эмас. Европа таълим тизимидан ўрганганим бисёр. Зеро, мустақил ва биргаликда ишлаш кўникмасини ривожлантириш, лойиҳа билан ишлаш ҳар бир талабанинг келгуси касбий фаолияти учун ниҳоятда зарур. Ҳозир олган билим ва кўникмаларим асосида ёшларга фойдали дарс ўтишга ҳаракат қилиб келяпман.
Энг қувончли ютуқларимдан бири – нуфузли хорижий олий ўқув юртидаги фан докторлари, хорижлик тенгдошларим эътиборини Ўзбекистонга қарата олганим. Ҳар бир ўзбек йигит-қизи учун шу ишнинг уддасидан чиқиш энг олий мақсад, аслида.
Бугун Янги Ўзбекистонда аёлларга берилаётган имтиёз, яратилаётган шароит туфайли ҳар бир хотин-қиз ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиш, турли соҳаларда юқори чўққиларни забт этиш имконига эга. Бундай натижаларни дунёнинг энг машҳур олийгоҳларида таҳсил олаётган қизлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ҳаммамизни хурсанд қилади, албатта.
Илмнинг чегараси йўқ, дейишади. Бу ҳақ гап. Зеро, таълимсиз тараққиётга эришиб, илм-фансиз юксалиб бўлмайди. Мени хурсанд қиладиган яна бир жиҳат шуки, бугунги ўзбек ёшларининг кўзида олов чақнайди, кўпчилиги илмга ташна. Бу уларнинг ўсишга интилишидан далолат.
Бундай ёшларга илмнинг машаққатли йўлини мардановор босиб ўтиш, чин дилдан меҳнат қилиш, тараққиётга реал қараш ва энг асосийси ўз фикри, қарашига эга бўлишни тилаган бўлардим.
Ўзимнинг олий мақсадим эса жаҳон илми ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш, билимимни бошқаларга ҳам улашиш, ёшларга тўғри йўналиш бериш, Ватаним ва оилам олдидаги бурчимни ҳалол бажариш.
Ўткир АЛИМОВ ёзиб олди.
ЎзА