Кубок соҳиблари тантанали кутиб олинди
Қарши темир йўл вокзалида мини футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги учун ўтказилган мусобақада ғолибликни қўлга киритган қамашилик футболчилар тантанали кутиб олинди.
Маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, туман ҳокимлиги масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари, спортчиларнинг яқинлари иштирок этди.
Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги учун ўтказилган мусобақанинг 12-15 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган республика босқичида Қамаши туманининг Самарқанд маҳалласи йигитларидан ташкил топган “Самарқанд МФЙ” жамоаси ўзининг чиройли ўйини билан барчанинг эътиборини қозонди ва финалда иродали ғалабага эришиб, кубок соҳибига айланди.
[gallery-2827]
Тантанали маросимда футболчиларнинг ўз маҳорати, иродасини намоён этган ҳолда эришган ғалабаси эътироф этилди. Сўнгги йилларда Қамаши футболида ўзига хос ривожланиш, тенденция кузатилаётгани, бу борада ушбу жамоа йигитларининг ҳиссаси улкан эканлиги таъкидланди.
– Йигитларимиз эришган бу муваффақият барчамизни бирдек тўлқинлантирди, - дейди Қамаши туман футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Нуриддин Поёнов. – Кечагина маҳаллада йиғилиб, футбол ўйнаб юрган оддий йигитларнинг бугун катта турнирда ғолиб бўлиб қайтаётгани яна юзлаб, минглаб ёшларнинг қалбида футболга иштиёқ уйғотиши аниқ. Ўйлайманки, йигитларимиз шу билан тўхтаб қолмайди, уларнинг улкан муваффақиятлари ҳали олдинда. Биз спортчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этамиз.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат),ЎзА