Крикет: Мақсадлар улкан, аммо муаммолар ҳам кичик эмас!
Бугун спорт ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бу эса биз, инсонларни соғлом турмуш тарзи томон етаклаши шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан спорт ва жисмоний тарбияга қаратилаётган улкан эътибор самарасида авваллари юртимизда бўлмаган спорт турлари ташкил этилмоқда. Жумладан, оммавийлиги жиҳатидан футболдан кейин иккинчи ўринда турувчи ва бугунги кунга келиб жаҳоннинг 4 миллиарддан ортиқ аҳолисининг севимли спорт турига айланган крикет халқимиз ўртасида оммалашмоқда.
Ўзбекистон крикет федерацияси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, 29 ноябрида федерация Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказилди. ЎзА мухбири крикет спорт турининг юртимизга кириб келиши, федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар ва мақсад-вазифалари хусусида Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз МИХЛИЕВ билан суҳбатлашди.

– Ҳиндистон давлатида ўқиб юрган пайтларимда менда крикетга қизиқиш пайдо бўлди, шуғулландим, маҳоратимни оширдим ва ҳатто олий ўқув юрти жамоасида иштирок этардим. Ўша йиллари албатта крикет спорт турини мамлакатимизда жорий этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ушбу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларим, мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор самарасида 2019 йили орзуим ушалди. Ташкилий жараёнлар давомида қийинчиликларга ҳам дуч келинди. Ўша пайтдаги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари федерация фаолиятини бошлаш учун яқин кўмакчи бўлди.
– Федерация ташкил этилганидан сўнг дастлабки ишлар кўлами қандай кечди?
– Аввало, жамоаларни шакллантирдик. Ҳозиргача 6 та 13 ёшгача, 4 та 19 ёшгача, 4 та катталардан иборат ҳамда 1 та хотин-қизлар жамоаларини ташкил қилдик. Ушбу жамоалар зарур жиҳозлар, спорт формалари билан таъминланди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда истиқомат қилиб, турли соҳаларда меҳнат қилаётган чет эллик мутахассислардан иборат 2 та жамоа ҳам шаклланган. Республикамизнинг Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм сингари вилоятларида ҳам жамоалар мавжуд. Ўтган давр давомида йиғилган жамоалар ўртасида крикет бўйича мусобақалар режага кўра мунтазам ўтказилмоқда.
– Крикет спорт турининг истиқболлари хақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Крикет ривожланиши давлатимиз учун катта наф келтиради. Айниқса, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Мисол учун, мазкур спорт тури бўйича халқаро мусобақалар юртимизда ўтказиладиган бўлса, мамлакатимизга крикет мухлислари – туристларнинг келиши бир неча баробар ошади. Мазкур спорт тури ривожланган Ҳиндистон, Покистон каби давлатларнинг крикетчилари иштирокида бизда мусобақалар, турнирлар ўтказилса, ўша мамлакатларнинг мухлислари юртимизга ошиқиши тайин. Ўзбекистонда крикет спорт тури ривожланса, янги туристик марказлар, авиаташувчи компаниялар, ҳомийлар ва инвесторлар кўпайиб боради. Крикет спорт анжомлари, кийим-кечаклари, яъни спорт формаларини сотиш ҳам яна бир бизнес саналади. Ҳозирда Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Афғонистон сингари давлатларда ушбу спорт тури ривожланиши баробарида, крикет спорт анжомлари, кийим-кечакларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган ва бу катта даромад келтирмоқда. Мамлакатимизда крикетнинг ривожланиши Ўзбекистон сайёҳлик тизими тараққиётига ҳам туртки бўлишига шубҳа йўқ.

Юртимизда халқаро мусобақалар ўтказилса, унинг трансляцияси дунё бўйлаб тарқалади. Дейлик, мусобақа 2 соат давом этса, унинг орасидаги 10 дақиқалик танаффусда юртимизнинг туристик марказлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби меъморий масканлари, улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз ҳақида телероликлар, энг мафтункор туристик масканлар ҳақида видеолавҳалар қўйиб борилса, тўрт миллиардлик крикет ишқибозларининг камида 50 фоизи шу ўйинларни телевидение орқали кузатиб, қанчадан-қанча мухлисларнинг Ўзбекистонга келиш иштиёқи ортади ва улар учун крикет ажойиб ташриф қоғози бўлиб хизмат қилади. Бу дегани, кўп сонли туристлар, янги хизмат кўрсатиш тузилмалари – ресторан, кафе ва бошқа ҳордиқ чиқариш объектларининг очилишига, крикет спорт анжомлари, кийим-кечаклари фабрикалари фаолияти йўлга қўйилишига, хуллас, катта-катта инвесторларнинг маблағларини юртимизга жалб этишга олиб келади.
– Ёшлар ўртасида мазкур спорт турини оммалаштириш ва селекция ишлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
– Ёшлар ўртасида селекция ва тарғибот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. 2021 йилнинг январь ойида федерация Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги томонидан реестрга киритилди. Бу ҳужжат орқали спорт-таълим муассасаларида крикет спорт турини жорий этиш, ёшларимизга бу спорт тури билан мунтазам шуғулланиш учун имкониятлар яратилди. Федерация Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти билан ҳамкорликда мазкур олий таълим даргоҳида крикет кафедрасини очиш, талаба-ёшлар ўртасида ушбу спорт турини кенг ривожлантириш масалалари бўйича «Йўл харитаси»ни режалаштирди. 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Англиядан моҳир мураббий, ўз даврида Афғонистон терма жамоаси мураббийси бўлган Энди Молес таклиф этилиб, крикет спорти бўйича 30 га яқин мураббийга маҳорат дарслари ўтиб берди. Тажрибали мураббийлар ҳозирга келиб Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида турли ёшдаги жамоаларни шакллантириш ишларини олиб бормоқда. Пандемия туфайли иш-режаларимизни озгина ортга суришга мажбур бўлдик. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли 2000 нафардан зиёд ёшларимиз крикет спорт тури билан мунтазам шуғулланишга киришган.
– Мазкур спорт тури бўйича ҳамкорлик алоқалари қай даражада ривожланиб бормоқда?
– Ўзбекистон крикет федерацияси ҳалқаро ҳамкорлик алоқларини ҳам кенг йўлга қўйган. Россиянинг «Россия крикет» жамоаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ўзаро тажриба алмашиш, дастурлар ва маълумотлар алмашинувини назарда тутувчи мазкур ҳужжат бўйича Россия крикет кенгаши президенти Сергей Третяк билан келишувга эришилган. Туркия ва Тожикистон крикет федерацияси билан ҳамда Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг элчихоналари билан ҳамкорлик бўйича ўзаро келишувлар имзоланган. Яқинда Покистон крикет кенгаши раиси Иҳсон Моний мамлакатимизда крикет ривожланиши учун хайрихоҳ эканлигини ва бу борада ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Тез кунларда ЎКФ ва Покистон крикет Кенгаши ўртасида меморандум имзоланиши кўзда тутилмоқда. 2020 йили ЎКФ раиси сифатида БААнинг Дубай шаҳрида Халқаро Крикет Кенгаши (ICC) ва Осиё Крикет кенгаши (АCC) раҳбарияти билан учрашув ўтказиб қайтдик. Унда Ўзбекистон крикет федерациясининг халқаро ва Осиё крикет кенгаши аъзолигига қабул қилиниши масаласи муҳокама қилинди. Улар мамлакатимизда крикет спорт турининг тезроқ ривожланиш босқичига ўтишига хайрихоҳ эканликларини билдиришди. Ўзаро келишувга мувофиқ, Осиё крикет кенгаши расмийлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, ЎКФ фаолиятининг илк натижалари билан танишиб, хулосаларини халқаро кенгаш раҳбариятига тақдим этишни режалаштиришган. Ишонч билан айтишим мумкинки, тез орада Ўзбекистон крикет федерацияси ҳам ОККнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, рўйхатдан ўтади.
– Ҳар бир соҳада ютуқ ва муаммолар бўлиши табиий. Бугунги кунда федерацияни қандай муаммолар қийнаяпти?
– Энг катта муаммолардан бири Осиё ва халқаро крикет кенгашига киришимиздир. Ушбу муаммолар шундан иборатки, ЎКФ ҳисобида камида 2 та стадион ва битта крикет академияси ташкил этилганлик талаби қўйилган. Ҳозир федерация у ёки бу стадионни ижарага олиб, мусобақа ташкил этишга мажбур бўляпти. Бундан ташқари, федерация олдида ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

– Олдинда турган режалар ҳақида...?
– Айни пайтда Ўзбекистонда крикетни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида бизга Тошкент вилояти Қибрай туманида 4 гектарлик ер ажратилган бўлиб, мамлакатимизда биринчи 80х60х70 метр ўлчамдаги овал стадион қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу стадионни 2022 йил февраль оҳирига қадар қуриш режалаштирилган. Янги мавсумда юртимизда крикет бўйича мусобақалар ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Дарҳақиқат, крикет бугун ёшлар қалбидан аста-секин жой олмоқда. Умид қиламизки, мазкур спорт тури янада оммалашиб, юртимиздан жаҳон чемпионлари чиқади.
ЎзА муҳбири Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ суҳбатлашди.