Бугунги кунда кўпчилик учун кредит олиш одатий ҳолга айланган. Баъзи ҳолларда уй-рўзғор буюмларидан тортиб, телефон, автомобиль олиш, ҳатто тўй маросимларигача кредит орқали амалга оширилмоқда. Аслида, бу молиявий восита инсонлар учун имконият эшикларини очиши мумкин. Аммо афсуски, ҳар доим ҳам бу имкониятлар онгли қарорлар билан боғлиқ эмас. Кредитнинг моҳияти, шартлари ва оқибатлари етарлича тушунилмагани сабабли, кўплаб одамлар моддий ва руҳий инқирозларга юз тутмоқда.
Кўпчилик кредит оладиганлар энг оддий саволларни ҳам ўзига бериб кўрмайди. “Бу нарса менга ҳозир керакми?”, “Мен бу қарзни қандай ва қанча муддатда тўлайман?”, “Фоиз ставкаси қанча ва умумий тўлов суммаси қанчага тушади?” Шундай оддий, аммо муҳим саволларга жавоб топмасдан, одамлар шунчаки “ҳозир олиш, кейин тўлаш” тамойилига амал қилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисмида молиявий саводхонлик даражаси етарли эмас. Аҳолининг катта қисми оддий банк атамаларини тушунмайди, кредит шартномасини тўлиқ ўқимайди ва фоиз ставкаларини таққосламайди. Натижада эса, ўзига оғирлик қиладиган тўлов мажбуриятларини олади, йиллаб кредит тўлайди ва бошқа зарур эҳтиёжларидан воз кечади. Кўп ҳолларда, ноаниқ фирмалар ёки кредит ташкилотлари тузоғига тушади.
Яна бир хавотирли ҳолат кредитни зарурат учун эмас, балки ташқи кўриниш, обрў ёки “одамлардан қолмаслик” учун олишдир. Қимматбаҳо смартфонлар, машиналар, дабдабали тўйларнинг ҳаммаси кўп ҳолларда кредит асосида амалга оширилмоқда.
Тўй қилиш учун кредит олиш, молиявий томондан унчалик барқарор бўлмаган оиланинг ҳаётини янада қийинлаштиради. Тўй – бир кунлик, аммо кредит – йиллик. Натижада ёш оилалар ҳаётининг илк йилларини қарз билан бошлайди. Бу эса нафақат иқтисодий, балки руҳий босимга ҳам олиб келади.
Бугун 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро, фақат паспорт асосида, деярли ҳар қандай нарса ёки хизматни кредитга олиши мумкин. Бу жараённинг соддалиги кўпчилик учун қулай, бироқ айни вақтда хавфли ҳам. Ҳар ким ўз молиявий ҳолатини тўлиқ тушунмай туриб, узоқ муддатли молиявий мажбуриятни зиммасига олмоқда.
Кредит ташкилотлари эса кўпинча қарз олувчининг молиявий саводхонлигини баҳоламайди. Уларнинг асосий мақсади – кредит бериш, шартнома тузиш, фоиз ҳисобидан даромад олиш. Бу ерда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи воситалар етарли даражада йўқ.
Мавжуд ҳолатларни барқарорлаштириш учун аввало, аҳоли молиявий саводхонлик даражасига эга бўлиши лозим. Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида молиявий билим асосларини ўқитиш ва ОАВда кредит ва молиявий бошқарув бўйича доимий тушунтиришлар бериб бориш мақсадга мувофиқ. Кредит олаётган ҳар бир инсон шароитдан келиб чиқиб ҳаракатланиши лозим. Ўз даромад ва харажатларини таҳлил қилиб, қарз юкини кўтара олиш-олмаслигини аниқлаб, ҳар бир шартномани батафсил ўрганиш, тушунарсиз жойлар бўлса, вазиятни аниқлаштириши керак. Қолаверса, турли хил реклама контентлари ва баннерларда фақатгина кредит олишга ундовчи эмас, кредитни олиш кетма-кетлиги ва тўлаш жараёнлари ҳам батафсил тушунтирилиши лозим.
Кредит – тўғри ишлатилса, одамга катта ёрдам берадиган восита. У орқали ўқиш, даволаниш, бизнес бошлаш ёки уй-жой масаласини ҳал қилиш мумкин. Аммо у нотўғри ишлатилса, оғир молиявий юк, доимий стресс ва барбод бўлган режалар сабабчисига айланади. Шунинг учун ҳар бир инсон аввало ўзининг молиявий ҳолатини тушуниши, кредит шартларини тўлиқ ўрганиши ва энг асосийси, керакли ва кераксиз нарсани ажрата олиши зарур. Одамлар кўзига яхши кўринишдан кўра, ўзининг барқарор ҳаётини қуришга ҳаракат қилган афзал. Ҳар бир қарз бу келажакдаги меҳнат. Уни онгли равишда олиш саводли жамият сари ташланган муҳим қадам.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА