Бухорода “Ўзсаноатқурилишбанк” пресс-тур ташкил этди.
Давлатимиз раҳбарининг тўқимачилик саноатини ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, экспортчи корхоналарга молиявий кўмак беришга қаратилган устувор вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, банкнинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси мижози бўлган, ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Когон Нур Текс” МЧЖ ҳам Европа ва Яқин Шарқ бозорларини эгаллаб, ўзи сингари яна 150 нафар маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминламоқда.
–Фаолиятимизни 2011 йил 30 нафар ходим билан бошлаганмиз –дейди корхона раҳбари Адолат Махсудова. –Ускуналаримиз эскирганлиги сабабли ишлаб чиқаришда қатор муаммоларга дуч келардик. Боз устига, ходимларга вақтида қулай меҳнат шароитлари яратилмаганлиги боис улар қўшни қишлоқларга бошқа юмуш излаб кетишга мажбур бўларди. 6 йил шу тарзда иш олиб бордик. Охири бўлмади. Модернизация – бу энг тўғри ечим эканлигига амин бўлдик.
Корхона олдида турган асосий вазифалардан бири бу ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик янгилаш, сўнгра иш ўринларини кенгайтириш эди. Бироқ бунинг учун зарур маблағ ва етарли имконият бўлмагани сабаб тадбиркор “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Қоровулбозор филиалига мурожаат қилади.
Дастлабки босқичда банк томонидан корхонага 1 миллион 950 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади. Кредитнинг бир қисмига Туркия ва Хитойдан 24 та тўқув дастгоҳи, 1 та компроссер, 1 та ип йигириш ва 1 та тайёр маҳсулотни қадоқлаш ускунаси олиб келинади. Қолган қисми эса корхона айланма маблағларини тўлдиришга сарфланади. Шу тариқа лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларига етади.
[gallery-16007]
Тадбиркорнинг маълум қилишича, хориждан олиб келиб, ўрнатилган ускуналар аввалгиларига қараганда электр энергиясини 3 баравар кам сарфлайди. Атроф-муҳитга салбий таъсири эса сезилмайди. Самарадорлик ҳам мос равишда шунчага ортган. Айни вақтда корхона томонидан ойига 400-500 минг погонометр бўз матоси ишлаб чиқарилиб, хорижга экспорт қилинмоқда. Иш ўринлари эса 150 нафарга етган. Тайёр маҳсулотга ҳозир Италия, Саудия Арабистони, Венгрия, Россия, Польша ва Беларусь Республикаси харидор бўлиб турибди. Ўтган йилда корхона томонидан мазкур давлатларга қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 4 - 4,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
–Албатта, ишимиз пахта билан боғлиқ, –дейди Адолат Махсудова. –Шу сабабли ходимларимизни чанг муаммоси тез-тез безовта қилиб турарди. Шунингдек, унинг инсон нафас олиш ва қон айланиш тизимига салбий таъсир ўтказиши, турли касалликлар келтириб чиқаришини ҳам яхши биламиз. Бир сўз билан айтганда, бундай шароитда меҳнат қилиш хавфли. Шу сабаб биз банкдан олинган кредит эвазига Белгиядан ҳавони тозаловчи, намлантирувчи махсус вентилятия ускунасини олиб келдик. Бу эса корхонамизни ёзда салқин, қишда иссиқ бўлишини, қолаверса, тоза ҳаво билан мунтазам таъминланишини кафолатлайди. Бунинг барчаси инсон қадри учун.
Пресс-тур доирасида журналистлар корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари, экспорт географияси ва ходимлар учун яратилган қулай меҳнат шароитлари билан таништирилди. Банк эса келгусида ҳам аёл тадбиркорларнинг энерготежамкор, истиқболли ҳамда экспортга йўналтирилган бу каби “яшил” лойиҳаларини молиялаштиришдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Пресс-тур дастурига мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ҳам ўтказилди.
Унда иштирокчилар муассасанинг 2023 йилги фаолиятига бағишланган тақдимоти ҳамда банкнинг 2024-2026-йилларга мўлжалланган стратегияси ва ундаги устувор вазифлар билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, трансформация жараёнлари ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотларга эга бўлишди. Мутахассислар журналист ва блогерларнинг банк хизматлари ва маҳсулотлари, иш жараёнлари ва мижозларга яратилган қулайликлар ҳамда мониторинг жараёнларига оид саволларига атрофлича жавоб берди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари