Атрофга назар солсангиз инсон ижодкорлигининг беқиёс ва ҳайратланарли намуналарига дуч келасиз: электрон хизматлар, виртуал олам, интернет ва шу кабилар. Буларнинг барчаси инсон тафаккури маҳсулидир. Мана шундай ижодий тафаккурни шакллантириш таълим-тарбия жараёнидан бошланади.
Хўш, ўқувчини қандай ижодий фикрлашга ўргатиш мумкин? Ўқувчиларни эркин фикрлашга ўргатиш, дарсларни янги технология ва методлар орқали ўтиш ўқувчида билим ва кўникмаларни шакллантириш билан бирга улардаги ижодийлик, яратувчанлик қобилиятини ҳам шакллантиришга хизмат қилади.
Креативлик — шахснинг муаммоли вазиятлардан тафаккури орқали, такрорланмас йўл билан чиқиб кетиш, унга ижодийлик билан ёндаша олиш қобилияти ҳисобланади.
Креативлик тушунчаси (лот., инг. «cреате» – яратиш, «cреативе» яратувчи, ижодкор) инглиз тилидан таржима қилганда ижод маъносини англатади. Ҳақиқаттан эса янги, оригинал (ўзига хос) янада сайқалланган моддий ва маънавий боғлиқликларни яратишдир. Креативликни ижодга интилиш, ҳаётга ижодий ёндашиш, ўзига доимий танқидий назар солиш ва таҳлил этиш дейиш мумкин. Ҳозирги замон психология ва педагогика луғатларига асосланиб ўқитувчининг креативлигига унинг фикридаги, мулоқотдаги, алоҳида фаолият туридаги ижодий ёндашиш, билиш даражаси деб таъриф бериш мумкин.
Унинг замирида оригиналлик, амалийлик, ноодатийлик ва эркинлик ётади. Шунингдек, креатив фикрлаш бир нарсага турли томондан ёндашишни англатади. Ҳар қандай инсон туғилганда креатив қобилият билан дунёга келади. Уни қайси йўлга йўналтириш ва ривожлантириш ўқитувчи зиммасига юклатилади. Демак, мактабда таълимнинг барча турларида ўқувчиларнинг креатив қобилиятини ривожлантиришга эътибор қаратиш баркамол авлодни тарбиялашнинг таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.
Креатив тафаккур барча фаолият турларига тегишли. Бундан лингвистик креативлик ҳам мавжуд бўлиб, бу тилнинг турли сатҳ бирликларидан фойданган ҳолда образли фикрлаш, маълум тафаккур маҳсули бўлмиш тушунча ярата олиш имкониятидир. Тилда тушунчани турли шаклда ифодалаш имконияти мавжуд.
Бунда ўқувчи қайси усулни ва қолипни танлаши, қандай йўл билан ифодалаши, албатта, унда креатив компетенцияга қанчалик эгалигига кўра белгиланади. Томас Эдисон “Креативлик – ғайриихтиёрий жараён”, – дейди. Креативлик шахс эга бўлган билимнинг кўпқиррали эканида эмас, балки янги ғояларга интилиш, ҳаётий муаммолаарни ечишда ноодатий ёндаша олиш, кутилмаган қарорлар чиқара олишда намоён бўлади.
Креатив фикрловчи инсонлар бирон бир манзарани ўзгачароқ тасаввур этади, ҳеч ким илғамаган жиҳатларни пайқай олади. Мана шундай креатив тафаккурни ривожлантириш ташкил этилган дарснинг қайси метод ва усуллардан фойдаланганлик даражасига боғлиқ бўлади. Бунда эса интерфаол усуллар яқиндан ёрдан беради. Интерфаол таълим турларидан бири – креатив таълимдир.
Креатив усулда ўтилган мавзуни ўқувчи тўлиқ ўзлаштириши билан бирга, ижодкорлик қобилиятини ҳам ривожлантиради. Агар ўқувчида шеър ёзишга мойиллик бўлса, у ижодий матнни шеър орқали ҳам ифодалаш имкониятига эга бўлади. Кўриб турганимиздек, бу каби методлар ўқувчида тезкорлик, шу билан бирга, креатив компетенцияни шаклланишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Агар бундай усуллардан кўпроқ фойдаланилса, ҳар қандай ўқувчи дарсга қизиқади, шу билан бирга креатив қобилиятга ҳам эга бўлади.
Она тилини ўқитишга компетенциявий ёндашув ёшларни тил ҳақидаги билимини ошириш баробарида муаммоли вазиятларда бу билимлардан ўринли ва мақсадли фойдалана олиш қобилиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Шунинг учун ўқитувчидан ўз фани юзасидан чуқур билимга эга бўлиш билан бирга, таълимдаги самарали метод ва усуллардан ҳам хабардорликни талаб этади. Чунки келажакдаги янги инновациялар ва ихтироларнинг барчаси айнан креатив компетенция орқали вужудга келади.
Дилдора Ғаффорова,
Бухоро шаҳри 28-умумтаълим мактаби
Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси