Турли миллат ва элатларнинг ўзига хос ва мос миллий анъаналари ўзга юрт вакилларида қизиқиш уйғотиб келган. Бетакрор гўзалликка бой юртимиз ҳам бундан истисно эмас, албатта. Жорий йилнинг 6-8 июнь кунлари қадим Бухорода миллий анъаналаримиз намойишига бағишланган “Ипак ва зираворлар” фестивали кўплаб сайёҳларни ҳайратга солди, десак муболаға қилмаймиз.
Фестивалда иштирок этиш учун мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлардан йигирмага яқин ҳунармандлар, фольклор жамоалар ташриф буюрган бўлса, тадбирларни бевосита томоша қилиш учун 1500 га яқин қўшни республикадан сайёҳлар меҳмон бўлди.
– Фестиваль ўз номи билан Ипак ва зираворлар деб номланган, – дейди қозоғистонлик Галина Колиснокова. – Буюк ипак йўлида жойлашган муҳим манзиллардан бири Бухорода бундай тадбирнинг ташкил этилиши ажойиб лойиҳа. Биз бугун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган фестивалда илк бора иштирок этдик. Аммо таассуротларимизнинг чеки йўқ.
– Бу жойда ҳаммаси бошқача, – дейди қозоғистонлик Анастасия Капулова. – Қадимий муҳит, ўзига хос атмосфера ҳар қандай кишини ҳайратга солиши аниқ. Тоза ҳаво, атрофда турли зираворлар, ипак матоларнинг ўзгача ҳиди киши кайфиятини кўтаради. Мен бу тадбирни Италия мода ҳафталигининг Шарқона кўриниши деб айтган бўлар эдим. Келасан, кўрасан, сотиб оласан.
Фестивалнинг барча тадбирлари қадим обидалар атрофида ташкиллаштирилган. Бу тарих қўйнида ажойиб санъат намойиши эканини Бухорога ташриф буюрган меҳмонлар, ҳунармандлар алоҳида эътироф этди.
– Фестиваль жуда юқори даражада ташкил этилган ва мен бу шаҳарга ташриф буюрганимдан жуда хурсандман. Ҳунарманд сифатида фестивалда иштирок этдим. Ташкилотчилар биз учун барча шароитларини ҳозирлаган. Ўзбек ва тожик халқларининг қадим ҳунар турлари бир-бирига жуда ўхшаш. Шу сабаб бизнинг ипак ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларимизга қизиқиш юқори бўлди. Кўплаб ҳунармандлар билан ҳамкорлик бўйича ҳам мулоқот қилдик. Шунга асосланиб айтадиган бўлсам, бундай фестиваллар халқлар ўртасида дўстлик ришталарини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди эронлик ҳунарманд Зебо Разави.
– Ташрифимиз айнан шу кунга тўғри келганидан, фестивалда иштирок этаётганимиздан жуда бахтиёрмиз. Бухорода бўлишни орзу қилгандим. Аммо, бундай катта байрамда қатнашиш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман. Атрофдаги муҳитни шунчаки сўз билан изоҳлаш қийин. Айниқса, мен миллий мусиқаларни жуда ёқтираман. Атрофдан таралаётган куйлар киши кайфиятини янада кўтаради, – дейди қозоғистонлик Сабина Телова.
Таҳлилларга кўра, биринчи куннинг ўзида мазкур тадбирларда бевосита иштирок этган маҳаллий ҳамда хорижлик меҳмонлар сони 110 минг нафарга яқинлашган. Аввало, айтиш лозим, фестивалнинг бу галги очилиш маросими сал ноодатий тарзда бошланди. Эски шаҳардаги шоу болалар мода намойиши ва рақс оқшоми кўплаб иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
– Очилиш маросимини энг ёш болажонларимиз бошлаб берди, – дейди лойиҳа режиссёри Бобир Эргашев. – Бундай лойиҳа ташкилий қўмита томонидан қўллаб-қувватланди. Саҳнада болажонлар ўзларининг бор маҳоратларини кўрсатди. Дастурга кўра, фестивалнинг иккинчи кунида ипак ва зираворлар савдо ярмаркаларига кенг ўрин берилди. Бежирим матолар, ипак газламалар, дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган зираворлар ўз навбатида туризм экспорти кўрсаткичларининг ортишига хизмат қилди.
Ҳар бир тарихий обидада унинг тарихига ҳамоҳанг ҳолда фольклор жамоалар томонидан тайёрланган чиқишлар ҳам унутилмас меҳмонларга онларни ҳадя этди. Шаҳар томошаси дастурнинг бу қисми билан янада мароқли кечаётганини сайёҳлар алоҳида эътироф этди.
Дунёнинг моҳир ҳунармандлари иштирокидаги маҳорат дарслари ҳам фестивалда алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бу орқали миллий ҳунар турларини янада бойитиш ва оммалаштириш имкониятлари пайдо бўлди. Фестиваль ташкилотчилари уч кун давомида 50 мингга яқин меҳмон ташриф буюришини тахмин қилишган эди. Аммо, икки кунлик сарҳисоб бу рақамларни беш баробар кўпроқ қайд этилганини кўрсатмоқда.
Халқаро фестиваль доирасида миллий таомлар намойишига ҳам кенг ўрин берилди. Хусусан, палов сайлида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тайёрланадиган миллий таомимизнинг моҳир ошпазлар томонидан маҳорат билан тайёрланиши гастрономик туризм ривожида муҳим аҳамият касб этди.
– Айни шундай жараёнларни интизорлик билан кутган сайёҳларнинг кўлами кенг бўлди, – дейди Бухоро шаҳар маданият бўлими бошлиғи Аброр Ортиқов. – Улар орасида фестивални аввалгиларини кузатганлар ҳам бўлди. Бугунги кунда Бухоронинг софи оши ўзининг тайёрланиш услуби билан ҳам ажралиб туради. Воҳага меҳмон бўладиган одам борки, ушбу таомдан бир татиб кўришни мақсад қилади. Фестиваль айни шу паловни маромига етказиб тайёрлайдиган маҳоратли ошпазларни бир даврага жамлади.
[gallery-23921]
– Биз асосан сақланиб қолган қадим ҳунар тури, қўлда тўқилган маҳсулотларимиз билан иштирок этдик, – дейди эронлик ҳунарманд Моҳган Аброрпур. – Ўзбекистонлик ҳунармандлардан кўп нарсаларни ўргандик. Ўз навбатида улар ҳам бизнинг йўналишимизга катта қизиқиш билдирди. Замонавийлик уйғунлашган оёқ кийимларини Бухоро шароитида ҳам йўлга қўйиш бўйича ҳунармандлар таклиф билан чиқди.
Фестивалнинг ҳар кунги дастури бир-бирини такрорламас фолклор чиқишлар билан юқори суратларда давом этди. Шаҳар туну кун меҳмонлар билан гавжум. Муҳими, улар қадим шаҳар жозибасидан баҳра олиб, мароқли хордиқ чиқарди. Ўзлари учун кўҳна ва боқий Бухорони қайта кашф этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.