Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати янада ошади
Хоразм вилояти ҳокимлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ҳамкорлигида “KHOREZM INSULATION GROUP” THERMO PLUS корхонасига журналист, блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Урганч шаҳридаги саноат зонасида жойлашган, лойиҳа қиймати 41 миллион евро бўлган ушбу корхонада йилига 30 минг тонна базальт минерал плиталари ишлаб чиқарилади. 300 нафар ходим иш билан таъминланиб, йилига 10 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги маҳсулот экспортга йўналтирилади. Базальт толали плиталар бино ичида мўътадил ҳароратни ҳосил қилиши, ташқи таъсирларга ва ёнғинга чидамлилиги, экологик тоза маҳсулотлиги билан қатор афзалликларга эга.
– Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг “Қурилиш иссиқлик техникаси” талабларига мувофиқ, бино деворларига материалларни унинг ташқарисидан жойлаштириш керак, – дейди “KHOREZM INSULATION GROUP” THERMO PLUS корхонаси раҳбари Фаррух Муртозаев. – Бунда самарали базальт плиталаридан фойдаланиш талаб этилади. 2021 йилда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган бўлса, 2024 йилнинг феврал ойи охирида Президентимиз ташрифидан сўнг корхонани ишга туширдик.
Пресс-саёҳат давомида ОАВ вакиллари корхона фаолияти ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишди. Улар учун махсус тақдимотлар ҳам ўтказилди.
[gallery-18106]
– Корхонанинг айнан Хоразм вилоятида ташкил этилишининг асосий сабаби маҳаллий аҳолига бўш иш ўрни яратиш ва вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини оширишдир, – дейди "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов. – Ишлаб чиқариш учун базальт хомашёси Қорақалпоғистон Республикасининг Қоратау тоғидан олиниши бунга қўшимча қулайлик яратади. Германия, Туркия ва Россия давлатларидан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада ҳозирда маҳаллий аҳоли учун 200 та янги иш ўрни ташкил қилинган. Ходимлар малакасини ошириш учун чет эллик мутахассислар томонидан ўқув тренинглари ҳам ташкил этилган.
Базальт плиталари ўзига хос техник хусусиятга эга бўлиб, аналогик маҳсулотлардан тубдан фарқ қилади. Асосий афзалликлари бу унинг юқори иссиқлик сақлаш хусусияти ва узоқ йиллар давомида ўз таркиб ҳамда хусусиятини йўқотмаслигидир.
Сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб барча соҳаларда электр энергиясини тежаш вазифаси илгари сурилмоқда. Шу боис базальт маҳсулотларига талаб кундан кунга ортиб бормоқда. Муҳими маҳсулотга ички ва ташқи бозорда талаб катта. Таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда мамлакатимизда базальт иссиқлик изоляцияси ишлаб чиқариш қуввати 170 минг тоннани ташкил этаётган бўлса, яқин келажакда ушбу кўрсатгич яна 100 минг тоннага ортиши ва қарийб 300 минг тоннага етиши кутилмоқда.
Тадбир давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(Сурат) ЎзА мухбирлари