“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан Тошкент вилояти Пискент туманидаги “Zhongtian Chemical” ўзбек-хитой қўшма корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти механизмининг ишлашида кимё саноатининг ривожи муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу боис ислоҳотларда ушбу йўналишда замонавий саноат корхоналарини ташкил этишда хорижий инвестицияларни жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Пискент туманидаги “Zhongtian chemical” масъулияти чекланган жамияти ҳам хитойлик сармоядорлар иштирокида ишга туширилган. Ўз навбатида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 32 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Эътиборлиси бу лойиҳа Ўрта Осиёда ягона бўлиб, у ерда тоғ-кон саноатида кенг қўлланиладиган ксантогенат кимёвий моддалари ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда мазкур МЧЖнинг ички бозордаги ҳамкорлари Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари ҳисобланади. Бундан ташқари, корхона маҳсулотлари Хитой, Россия ва қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида бу борадаги кўрсаткич 9 миллион долларни ташкил этди.
[gallery-15095]
– Қўшма корхона фаолияти 2019-2022 йилларда вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш мақсадида шакллантирилган лойиҳалар қаторида йўлга қўйилди, – дейди мазкур корхона бошқарувчиси Жаҳонгир Алиев. – Бунинг учун бизга “Келовчи” ҚФЙ ҳудудидаги бўш турган бино ва иншоотлар билан бирга 12,3 гектар майдон ажратиб берилди. Биринчи босқичда умумий қиймати 5 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиб, 150 дан зиёд маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланди.
Жорий йилда корхона фаолиятини кенгайтиришга қаратилган яна бир лойиҳага қўл урилиб, уни амалга ошириш мақсадида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 2,4 миллион евро миқдорида кредит ажратилди. Натижада корхона ишчилари сони 200 дан ортди, жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 минг тонна кўп, яъни 17 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда жамиятнинг истиқболдаги режалари билан таништирилди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров, (сурат), ЎзА.