Корхоналарда хавфсизлик масалалари
Навоий шаҳридаги маънавият ва маърифат марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан вилоят ҳудудида фаолият олиб борувчи барча хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ва божхона омбор эгалари ҳамда ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи ташкилот раҳбарлари ва инженер техник ходимлари учун ўқув семинари ўтказилди.
Унда қўмита бош бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев сўзга чиқиб хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги, айрим давлат кадастрларини юритиш, техноген хавф юқори бўлган зоналарда давлат кадастрини юритиш ҳамда ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
[gallery-24626]
– Бугунги кунда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва назорат қилиш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи этиб белгиланган, – дейди О.Жўраев. – Айни пайтда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жойларда семинарлар ташкил этилмоқда. Семинарлар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ягона ўқув дастур ва услубда амалга оширилмоқда.
Учрашувда хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талаблари бажарилишида хусусан, эксперт ташкилотлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда экспертиза масалаларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонуний йўлга қўйишда профилактик тадбирларни кўпайтириш, тадбиркорлик субъектларига методик ёрдам кўрсатиш ва ишларини ташкил қилишда Қўмита мутахассислари томонидан яқиндан кўмак берилиши алоҳида таъкидланди.
Семинар сўнггида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари