Корхонага компенсация тўлови ундириб берилди
“UNG PETRO” жамияти Бизнес-омбудсманга Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 февралдаги фармойишига асосан “UNG PETRO” МЧЖнинг Тошкент шаҳридаги ер участкасида жойлашган 644 метр квадратдан иборат нотурар жой бузиб ташланган.
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига асосан олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 43-бандига кўра, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда, компенсация Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли марказлаштирилган жамғарма маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан берилади.
Фуқаролик кодекснинг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарар етказилган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши кераклиги белгиланган.
Бироқ жавобгар томонидан юқорида кўрсатилган қонунчилик талабларига риоя қилинмасдан, “UNG PETRO” МЧЖга тегишли 8.801.830.000 сўмлик бино-иншооти бузиб ташланиб, жамият билан келишилмаган ҳолда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, ўрнига компенсация берилмаган.
Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига тадбиркор манфаатида компенсация тўловларини ундириш тўғрисида даъво ариза киритилди. Натижада суднинг қарорига мувофиқ, “UNG PETRO” МЧЖ фойдасига 8.801.830.000 компенсация тўлови ундирилиши белгиланган.
Ламия Худоярова,
Бизнес-омбудсман девони Бош инспектори