Корхона раҳбари ташаббускор бўлса..
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Садбарг” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йилдан йилга ривожланмоқда. Корхона кўп тармоқли субъект сифатида суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчалари, шунингдек, ёғ-экстракция заводига эга.
Ёғ ишлаб чиқариш линиясида бир кеча кундузда 150 тонна чигит қайта ишланмоқда. Корхона экспорт салоҳияти 2019-2020 йилларда 4 миллион, 2021 йилда эса 3 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Айни кунда “Садбарг” хусусий корхонасида 250 киши меҳнат қилмоқда.

“Садбарг” МЧЖ жамоаси яна бир йирик лойиҳани амалга ошираётир. Бу Шўркўл чўл массивидан 3 минг гектар ер очиш ва экин ери сифатида ўзлаштириш ташаббусидир. Ўзига яраша машаққат талаб этадиган бу лойиҳа учун 98 миллиард сўм маблағ зарур. Сармоянинг 28 миллиард сўми тадбиркорлик субъектининг ўз даромади, 70 миллиард сўми эса тижорат банки кредити ҳисобидан қопланади. Ер очиш, экин ери сифатида уни текислаб шудгорлаш, серҳосил пахта етиштириладиган контурга айлантириш мақсадида чўл массивида юқори унумли ва замонавий русумли “Chayon” экскаватори, лазер аппарати, 5 та “Magnum”, 10 та “Белорус” трактори, шунингдек, 20 та тиркамага эга 5 та “ТТЗ-80” трактори, яна бошқа механизмлар кучидан унумли фойдаланилмоқда.
– Сув тақчиллиги яққол намоён бўлгани боис чўлда очилаётган экин ерида тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси асосида ҳосил етиштириш тажрибаси қўлланилмоқда, – дейди “Садбарг” хусусий корхонаси раҳбари Фазлиддин Салихов. – Бу борада ҳам контурларда гидроиншоотни қуриш, сув ҳавзаларини барпо этиш, дала бўйлаб резина шлангларни тортиш ишларига 600 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу лойиҳа амалга оширилиши билан корхонамизнинг экспорт салоҳияти йилига 15 миллион АҚШ долларига етади. Шу билан бирга, чўлда яна камида 200 кишилик қўшимча иш ўрни яратилади.

Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, бугунга қадар жами қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Шундан умумий қиймати 2,6 миллион АҚШ долларлик маҳсулот қўшни Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Аҳамиятли томони корхонада ишлаб чиқариш қувватининг ошиши баробарида янги иш ўринлари ҳам яратилмоқда.

Бухоро вилояти ҳокими раҳбарлигидаги делегациянинг жорий йил август ойида Жанубий Корея давлатига ташрифи доирасида енгил саноат ва бошқа тармоқларни ривожлантириш юзасидан хорижий ҳамкорлар билан бизнес музокаралар олиб борилган эди. Музокараларда “Садбарг” кўп тармоқли хусусий корхонаси раҳбари Фазлиддин Салихов ҳам қатнашди. Хорижда иш ўрганишнинг фойдали жиҳати Жанубий Кореянинг “DIK Co. LTD” компанияси томонидан қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг миқдорида маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга доир меморандум имзоланди. Мазкур келишув натижасида 2023-2025 йиллар давомида Бухоро вилояти иқтисодиётига хорижий инвестиция киритиш, қўшимча 50 та янги иш ўрни яратиш, қолаверса, йиллик қуввати 8 миллион АҚШ долларига тенг, импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тажрибаси ўзлаштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА