Корхона маҳсулотларига эҳтиёж катта
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонасида 60 га яқин киши иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ёшларни ташкил этади.
Корхонада 6 турдаги ногиронлик аравачаси, “Rollator-3” ва “Rollator-4” етакловчи аравачалар, етакловчи болалар велосипеди, “UzBent” – экологик тоза, гидроизоляцион маҳсулот, ўсимликларни ҳимоя қилувчи “Препарат F-30” воситаси, 40 турдаги рақамли ва аналогли эшитиш мосламалари ва ортопедик маҳсулотлар, “Far-Soda” 60 фоизлик каустик сода, “Far-Spas” ўт ўчириш суюқлиги ва кукуни, кўчма бурғилаш лабораторияси ҳамда фермер хўжаликлари учун сувнинг ҳарорати, лойқаланиш даражаси ва тиниқлиги, сув ҳавзасининг чуқурлиги, унинг кальций, магний ва фосфор каби кимёвий элементларга бойлигини ўлчайдиган кўчма лаборатория жиҳозлари жамланмаси, синф доскаси ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур маҳсулотларга ҳозирда юртимизда эҳтиёж жуда катта. Чунки бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиши ва ўз афзаллиги билан ажралиб туради. Шунингдек, ички эҳтиёждан ортган маҳсулот Марказий Осиё давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.
[gallery-9728]
Корхона таъсисчилигида “UD-audifon” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “Farg’ona Polimer”, “Far Pribor” ва “Far-Drilling Chemicals” (“Фарғона бурғилаш кимёси”) масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда бир марталик елим идишлар ишлаб чиқарилаётган корхонада 55 турдан ортиқ маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Хусусан, тадбиркор Абдураҳмон Ниёзовнинг сўнгги – тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё минтақасида ягонадир. Умуман олганда, Ўзбекистон тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича Хитой, Тайвань, Эрон ва Япониядан кейинги бешинчи давлат саналади. Хитойлик ҳамкорлар кўмагида барпо этилган “Fergana Stone Paper” қўшма корхонаси йилига 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугун бу ерда ишлаб чиқарилган қоғоз Россия давлатига экспорт қилина бошланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА