Корхона фаолиятини кенгайтирмоқда
Бухоро вилоятида бугунги кунда 35 мингга яқин юридик шахслар ҳамда 18 мингдан зиёд якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Ўтган йили бу кўрсатгич, юридик шахслар бўйича 4 000 та, якка тартибдаги тадбиркорлар эса 7 500 тани ташкил қилган эди.
Рақамлардан кўриниб турибди, юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратилаётгани сабабли тадбиркорлик қилишга интилувчилар сони ортмоқда. Айниқса, ўз бизнесини кенгайтиришга ва қўшимча ишчи ўринларни яратишга ҳаракат қилаётганлар ҳам кўпаймоқда.

Бухоро шаҳридаги тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Delta Rumino” корхонаси ҳам кейинги йилларда барқарор фаолият юритиб келаётган корхоналардан. Мазкур корхонада айни пайтда 200 нафардан ортиқ ишчи ходимлар меҳнат қилмоқда.

Ушбу корхона белгиланган имтиёздан фойдаланиб, 500 миллион сўмдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи суммасини текширувларсиз қайтариб олди.

Корхона раҳбари жорий йилда Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган “очиқ мулоқот”ида ишбилармонлар учун билдирган навбатдаги ташаббус ва таклифлардан руҳланиб фаолиятини янада кенгайтиришга киришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.