Коррупция ва миллий тараққиёт: муаммо ва ечим
Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги, Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади.
Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги, Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Ҳатто ривожланган ғарб давлатлари ҳам коррупциядан халос бўлолмаган.
Қуръонда порахўрлик бевосита тақиқланади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188). Лекин шунга қарамай, порахўрлик Усмонийлар халифалигида ҳам мавжуд бўлган. Бошидахалифа турли идоралар фаолиятини шахсан ўзи назорат қиларди, лекин вақт ўтиши билан бу ишни ўзига яқин одам - аввал халифанинг турли ишлар бўйича шахсий ёрдамчиси бўлган вазирга топшириб қўйди. Вақт ўтиши билан вазирлар кенг тармоқли давлат аппаратини шакллантирди. X асрнинг ўрталарига келиб, у ёки бу лавозимга тайинланиш учун амалдорлар томонидан вазирларга пора бериш мунтазам амалиёти шаклланиб бўлганди. Бундан, масалан, халифа Муқтадирнинг вазири бўлган Убайдуллоҳ Ҳоқоний (926 йил вафот этган) амалдорларни турли лавозимларга тайинлаш ва олиб ташлашда фаол фойдаланди. Пулга қаттиқ муҳтожлик сезаётган давлат солиқлар тўплашни хусусий шахсларга топшириб, бу улар томонидан турли суиистеъмолларга олиб келарди. Шу тариқа, порахўрлик халифалик таназзулга юз тутишининг сабабларидан бирига айланди.
Бу ҳолат Усмонлилар салтанатида ҳам истисно эмасди. Хусусан, деҳқонлардан турли бўлмағур солиқларнитўплашда ҳарбий хизматчилар қинғирликларни содир этарди. Бу суиистеъмол ҳолатларини ҳаттоки Усмонийлар салтанати шайхулисломлари чиқарган махсус фатволар ҳам бартараф қила олмади. Сипоҳилар нимадир “узатиш” эвазига аста-секинлик билан ҳарбий юришларга бормай қўйди, ўзларига тақдим этилган ерларда муқим қолиб, амалда давлат мулкини шахсий мулк қилиб олишди.Давлат эса, ўз навбатида, буюк вазирлар тимсолида кўнгилсиз реакциядан хавфсираган ҳолда, ҳарбийлар билан тўқнашувга боришдан қўрқди. Усмонийлар салтанатида порахўрлик оқибати шу бўлдики, қўшинлар ҳарбий тайёргарлигини йўқотди, натижада 18-аср охири ва 19-аср бошларида қатор мағлубиятларга учраб, бу давлатнинг қудратига путур етказилди.
Моҳияти
Кейинги йилларда хориж матбуотида, жумладан МДҲ мамлакатлари матбуотида коррупцияга қарши курашиш йўллари ҳақида мақолалар пайдо бўла бошлади. Абу Наср Форобийбир вақтлар ёзган фозил одамлар шаҳриниёҳудфуқаролик жамиятиниқуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир. Бозор иқтисодитизими кушандаси,давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ва инвестицияривожида шафқатсиз тўсиқҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши тагида ана шу “кўринмас” қўллар ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётгани асл сабабларини ҳам шу иллатдан излаш лозимга ўхшайди.
Олдин Ғарб, кейинроқ Осиё давлатларида бу масала чуқурлашиб,жамиятда “касаллик” ҳудуди, кўлами ва даражаси кучайиб бораётган экан, нима қилмоқ керак, деган доимий савол олдимизда пайдо бўлади. Нима қилса,интернет тўрига ўхшабдунёни эгаллаб, мамлакатлариқтисодига раҳна солаётган бундай бало-қазонинг таъсир доираси камаяди?!
Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб,у жамиятнинг айрим қатламлари, персонлари, гуруҳларикундалик фаолиятигаайланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди.“Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, мустақил журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзишади.Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ва жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.
МДҲга аъзо мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар таҳлили шундан далолат берадики, биз Шўролар тузумидан қутулганимизга ўттиз йилбўлганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди. Бу жамият кушандаси, ярамас иллат ҳақида давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида гапириб ўтади. Биз вилоят сессияларида ташкилий масала кўрилганда биринчи навбатда мазкур масалага рўбарў келмоқдамиз. Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократиялаш ва модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, телевидение ва матбуотда “қўлга тушган” амалдорлар намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ва оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамаъгирлиги, бюрократлиги жамиятимиз ҳаётидайўқолиб кетмаяпти.
Коррупция биринчидан,жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва қуйи табақаларнинг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳалардаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради. Менимча, бу борада битта ташкилот - адлия органлари роли кучайиб, имтиёзлари кўпайиб бориши керак. Янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам Адлия вазирлиги билан қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда, барча ишларни бирга олиб бориши давр талаби.
Ҳолати
Давлат ва жамиятда инсон онги, дунёқараши билан боғлиқмуаммолар таҳлилидан келиб чиққанимизда, собиқ иттифоқдан мерос қолган коррупция иллатига қарши курашда ҳали анчаазият чекишимизга тўғри келади. Сабаби, Хитой ва Сингапурникига ўхшаган юқоридан қуйигача қатъий ишлайдиган иерархия тизими тўлиқ ишга тушиб кетмаган.Лекин бу табиий жараённи сохта равишда секинлаштирмаслик ёки айрим кучларнинг тазйиқи остида “тўхтатмаслик” лозим. Бу борада ривожланган давлатлар бой тажрибасидан унумли фойдаланиш зарурга ўхшайди. Масалан, АҚШда репортёр журналист коррупцияга қарши курашда энг самарали жамоат назоратини ўрнатишган. МДҲда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам суриштирув журналистикасисаёз ҳолатда бўлиб, бугунги давр эҳтиёжидан орқада қолмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жиноятчилар “кирдикор”ларини фош этишга уриниб, мустақил суриштирув олиб борадиган фидойи журналистлар ҳимояси ишламайди. Бундан ҳам ачинарлиси, ҳозирда юқори раҳбарнингяширин бойлик орттиришини исботлаган мақола матбуотда чоп қилинса-да, унга қатъий чоралар кўрилмайди, аҳвол ҳам ўзгармайди. Бир вақтлар раҳбар ҳақида фелъетон чиқса, партиядан ўчирилар, қамалар, шунинг учун амалдорлар “тўртинчи ҳокимият”дан ўлгудай қўрқарди. Демак, “Муштум”га ўхшаган икки-учта кучли вақтли матбуот нашрини очиш ва телевидениеда махсус кўрсатувларни деярли ҳар куни (хоҳ катта, хоҳ кичик таъмагирлик ҳолатибўлсин) бериб борилса, кўпчилик сиёсий ҳушёр тортиши аниқ. Танқидсиз тараққиёт бўлмаслиги фуқаролар онгига сингдириб борилиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Жамиятда устувор соҳа –таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланганлиги (япон ёки хитой фуқароси онгида нега у шаклланмаганлиги алоҳида мавзу) энг катта камчилигимиз. Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятигатаъмагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки ужамиятимиз таназзули, иқтисодимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаомизга эриша олмаймиз.
Сўнгги йилларда, жумладан, юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган давлат халққа хизмат қилиши керак, деган улкан ғоя фуқаролик жамияти институтларига тизим ва дастурларни ишлаб чиқишга имконият берган эди. Аммо, нодавлат ва нотидорат ташкилотлари, сиёсий партиялар бу борада ташаббус ва ташкилий ишларни амалга оширишни негадир пайсалга солишмоқда. Тўғри, кейинги вақтларда, хусусан, 2017 йилдан бошлаб, мамлакатимизда “парламент назорати”, “жамоатчилик назорати”, деган терминлар таомилга киритилди, бу борадаилкқонунлар қабул қилинди. Демак, биз мазкур соҳада ишлайдиган тизимни тезликда яратишимиз, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, Жануби-шарқий осиё мамлакатлари илғор тажрибасини қўллашга ўтишимиз лозим. Коррупция устидан жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди. Айниқса, модернизация, янгиланиш, ислоҳотларбилан коррупция бир-бирига қони қўшилмайди, янгилик билан эскилик тарафдорлари, фан, инновация, креатив фикрловчилар билан эски бюрократия авлоди, лавозимга ёпишиб олган чиновниклар ўртасида муттасил кураш давом этади.
Схемалари
Коррупция – чегара билмас аждаҳо, у алдамчилик, порахўрлик ва пулни ”ювиш”нинг конкрет схемаларидан ташкил топган.Россияда кечроқ бўлса-да, унга қарши янги механизм чоралариқидирилмоқда. Сабаби, Б. Ельцин ҳокимияти даврида мамлакатда иқтисодни режалива мақсадли бошқариш тизими бутунлай издан чиқиб, кўпроқ Ғарбнинг таъсирига тушиб қолганди, параллел равишда режасиз (миясиз) важиноий иқтисод баравар олиб борилган эди. РФ ички ишлар вазирлиги Иқтисодий хавфсизлик академиясининг маълумотига кўра, 2015 йил охирида Россияда иқтисоднинг жиноятлашганлиги даражасижуда “танг” аҳволда бўлиб, “хуфиёна” иқтисод ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) нинг 40 % кўрсаткичи даражасига етибди,1991 йилда эса бор-йўғи 11 % бўлганди. Transparency Int (TI) коррупцияга қаршитадқиқот марказининг 2017 йилдаги маълумотига кўра, Россияда коррупция ҳолатини ўзлаштириш индекси 2,3 баллни ташкил қилиб, 180 давлат ичида 143-ўринга – Гамбия, Индонезия ва Того даражасига тушиб кетибди.
Индекси
Юқоридаги халқаро ташкилот 2018 йилги коррупцияни қабул қилиш индексини эълон. 100 баллик индексга кўра, Ўзбекистон 23 бал олиб, умумий рейтингда 180 мамлакат ва ҳудудлар орасида 158-ўринга тушиб кетди. Ушбу рейтинг 0 (коррупцияни идрок этишнинг жуда юқори даражаси) дан 100 гача (жуда паст) шкалада ҳисоблаб чиқилади. Коррупцияни идрок этиш индексини - давлат секторидаги коррупция даражасини эксперт ва бизнес вакиллари баҳолайди. Аввалги йилларда бўлгани каби, дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғининг ўртача балли 43 дан 50 гача кўрсаткичда турибди.Индекс тузувчиларнинг фикрича, бу аксарият мамлакатларнинг коррупцияни жиддий назорат қила олмаганлиги ва демократиянинг инқирозидан далолат беради. Дания 88 очко билан пешқадамликни Янги Зеландиядан қайтариб олди. Кучли ўнликка Финляндия, Сингапур, Швеция ва Швейцария (ҳар бири 85 балл), Норвегия (84), Голландия (82), Канада ва Люксембург (81тадан) кирган. Энг ёмон кўрсаткичлар Сомали (10), Сурия, Жанубий Судан (13), Яман ва Шимолий Кореяда (14). “Бизнинг тадқиқотларимиз соғлом демократия билан давлат секторидаги коррупцияга қарши кураш ўртасида аниқ боғлиқликни кўрсатиб берди”, дейди халқаро ташкилот раиси Делиа Феррейра Рубио.
Собиқ СССР мамлакатларида 2018 йилда Коррупцияни англаш индекси бўйича Эстония 18 ўринда, Грузия 41, Белорус 70, Қозоғистон 124, Тожикистон 152, Ўзбекистон 158 ўринда турибди.
Агентликнинг вазифаси
2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги”нинг асосий вазифаси бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткичларни яхшилашустида кўпроқ ишлаши керак. Бунда бир омилга аҳамият берилиши, яъникўчмас мулк сотиб олаётганда молиявий йиғилган пулларнинг келиб чиқиши қонунийлиги текширилиши зарур. Бизда жуда қиммат уйлар эгалари уларни сотиб олиш ёки қуриш учун маблағни қаердан олганлари суриштирилмайди (2021 йилда декларация тўлдирилади, унгача мулклар имкон қадар “бошқа”га ўтказилиши мумкин). Қонунчилик тизимида ҳам камчилик мавжуд. Мисол учун,хонандалар каби айрим тоифа кишиларининг хоҳлаганча қаср уйлар қуришига, телевидениеда кўз-кўз қилинишига йўл қўйилиши қонунлар яхши ишламаётганидан дарак беради. Масаланинг маънавий тарафи ҳам борки, енгилгина йўл билан бундай шоҳона яшаш бир вақтлар прокурор ёки ДАН ходими ўқишига ўхшаб ёшларда қизиқишни оширади. Демак, бу истеъдоди бўлмаса-да, оддийгина техника, фонограммага суяниб, мўмай пул топадиганхонандалар сонининг 10 баравар ошишига олиб келади. Бу фикрга кўпчилик қарши чиқиши мумкин. Аммо жамиятда барча соҳаларда тенг мувозанатни сақлашдек олтин қоидани бузмаслик керак-да. Фонограммада (?) ёзилган қўшиқ CD дискларини ёзиб олиш, кўпайтириш ва сотиш билан шуғулланувчилар пинҳона гуруҳига ҳам шундай “имтиёз”лар белгиланиши, солиқ тўламаслиги оқибатида давлат бюджети катта иқтисодий зарар кўришига ҳам тоқат қилиб бўлмайди. Бундай коррупция кўриниши, ҳолатларинингилдиз отишига, бир гуруҳ кишиларнинг бойиб кетишигайиллар давомидашароит яратилган. Хонанда ё диск кўпайтирувчиси ўзи ўқитган мактаб муаллими ёи даволаган шифокордан беш-ўн баравар кўпроқ маблағ топишига имконият яратилиши адолатсизлик ва коррупциянинг очиқкўриниши эмасми?!
Аҳоли табақалари даромадларининг фарқланиш миқдори кескин ўзгарганииқтисодчиларниташвишга солмоқда. Мисол учун собиқ иттифоқ статистика қўмитаси маълумотига кўра, 1956 йилда 3,28, 1986 йилда3,38 га етган - қарийб тенг бўлса, мустақиллик йилларидабой ва камбағаллардаромадидаги фарқ анча кўпайган. Расмий маълумотда 10%энг бадавлат киши даромади энг камбағал фуқароларнинг даромадларидан 10-15 марта ошиб кетганлиги маълум бўлмоқда.Кўплаб экспертлар яширин иқтисод ҳисобга олинганда,ўртадаги ҳақиқий тафовут –25-40 маротаба эканлигини эътироф этишмоқда. Ҳозирги кундаяшаш минимумидан пастдаражада яшаётган камбағал аҳоли 15% дир.Бу масалада 2019 йилдан бошлаб катта силжиш кузатилган, ҳатто вазирлик ишлаётган бўлса-да, ўртадаги фарқнинг кучайиб бориши жамият қатламларида турли фикрларни пайдо қилиши мумкин.
2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилиши соҳадатуб ўзгаришларга туртки беришига ишонамиз. Агентликка халқаро конвенция талабларини бажариш мақсадида ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилиши, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши идоранинг мақом ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Демак, миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган иллатни бартараф этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Кутилган натижа ва самаралар эса давлат оргналаригагина эмас, жамоатчилик ташкилотлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ ҳолда кечади. Оддий халқ яхши натижалардан умидвор...
Коррупцияга қарши курашишни нимадан бошлаймиз?
Энг аввало, коррупцияга карши курашишни оиладан бошлаш даркор. Бу борада аёлларнинг роли буюк, деб ҳисоблаймиз. Агар ўғирлик ёки пора ҳисобига келган луқмани таг илдизини аёлларимиз суриштириб билса, очиқ фикрини айтаолса, эрлар ҳалол ризқни излашга тушиб, иши ва оиласида файз-барака, сокинлик ва хотиржамлик бўлади.
Коррупция - таъмагирликнинг юқори нуқтаси. Унга қарши курашиш учун амалдорлардансиёсий ирода талаб қилинади. Ушбу вазиятдан чиқиш усули шуки, аввало бутун давлат бюрократик аппарати сони ҳажми имкон қадар камайиши, фуқароларнинг шахсий ҳаётига ва иқтисодий фаолиятига давлатнинг минимал аралашуви, амалдорлар тадбиркорлар дуч келадиган барча нарсалар монополиядан олиб қўйилиши лозим. Давлат хизматида ўғирламаслик учун дунёда фақат иккита рецепт тан олинади: 1. Швейцария - вақтни қисқартириш. 2. Хитой - ҳаётни қисқартириш.
Бу ярамас иллатга қарши курашишни қуйидаги муаммоларнинг ечимидан бошлаш тавсия этилади: агентлик томонидан коррупция таркибий қисмига кирадиган қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши; давлат муассасалари устидан жамоатчилик назорати (очиқлик индекси) ўрнатилиши; ҳокимлар ва вазирлар парламент ва маҳаллий кенгашлар томонидан тасдиқланиши; барча давлат хизматлари “Ягона ойна марказлари”га ўтказилиши, суд тизими мустақиллиги мустаҳкамланиши; давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси, мансабдор шахсларнинг иш ҳақини бизнесдагига ўхшаш иш ҳақидан 2-3 баравар кўп бўлишига эришилиши (Грузия тажрибаси) керак. Бунинг учун мустақил комиссия ва марказларни тузиш, ҳақиқий аҳволнижиддий ўрганиш, барча тадқиқотлар ва ахборотларни мунтазам йиғиб борадиган ягона марказ тезда иш бошлаши талаб этилади. Чунки қиладиган иш ва вазифаўн йилларга етгулик.
Тан олиш жоизки, давлат харидлари, инвестиция, банк, солиқ, божхона, бозорлар, қурилиштизимида коррупцияга алоқадор шахслар яхши даромадкўришади. Қонунчилик амалиёти, ҳуқуқ-тартибот органларининг уларга қарши туриш борасида ўта “ожизлиги”, “заифлиги”, ҳатто уларнинг қўшилиб кетиш ҳолатлари ишимизгахалақит беради, бунинг оқибатида халқ ва давлатнинг ер ости ва ер устибойлигини ўзлаштириб, чет элларда шоҳона виллаларни қуриш ҳолатлари кўпайиб боради.
Хориждан олинган аччиқ сабоқлар
Жамият аъзоларини бирдай қийнаб келаётган балои офатга қарши курашиш учун биз қўшни давлатлар тажрибасини ўрганиш ва сабоқлар чиқариш йўлида изланиб, Россиядаги аҳволни кўздан кечирдик. 2000 йиллар бошида улкан мамлакатнинг миллий хавфсизлигига коррупция хавф сола бошлагач (асосан, бой ер ости бойликлари ва мудофаа соҳаси маблағларини талон-тарож қилиш), махсус идора очилди, мавжуд муаммолархалқаро тажриба билан таққосланиб, “ҳомий”, “ота” вазифасини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари, солиқ, божхонахизмати тизими раҳбарлари кескин қисув остига олинди. Ички ишлар органи тизими бутунлай ислоҳ этилди.Криминал стармоқлардаги узоқ йиллик коррупция ҳолатлари ишончли далиллар орқали фош қилиниб, йирик жиноий ишлар очилди. Олдин, Б.Н. Ельцин ҳокимияти даврида масалага панжа орқасидан қараб келинган эди. Россия Федерацияси президенти В. В. Путин назоратига ўтган кўплаб махсус илмий марказлар, жамоат ташкилотлари қисқа муддатда вазирликлар ва регионлардаги коррупциядаражасини аниқлаб олдилар. Масалан, Москва ва марказий шаҳарларда коррупция юқори, узоқ ўлкаларда камроқ ривожланган эди. Айниқса, суд, прокуратура, ички ишлар органларида, олий ўқув юртларида коррупцион тизим “самарали” ишлаганлиги аниқланиб, минглаб мансабдор шахслар лавозимидан озод қилинди. Шунда таъмагир раҳбарлар сиёсий вазиятдан сал чўчиб, ўзларини панага тортишди.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистонда бу борада тўпланган муаммолар Россияникига яқин туради, демак, дастлабки тадбирлар ана шу схема асосида ўтиши мумкин. Коррупция илдизига болта уришда жиноят ишлари бўйича судлар устувор мавқениэгаллаши лозим, деган фикрдамиз. Лекин афсуски, МДҲ давлатларида кимнингдир тазйиқи, кўрсатмасиёкитаъмагирлиги, мансабдорни сотиб олиниши эвазига судларнинг адолатсиз ҳукмлар чиқариши ҳоллари кўпайган (ўлкамиз ҳам мустасно эмас). Суд тизими сиёсий ҳокимиятнинг итоатгўй, тобе органига айланиши касалликнинг баттар газак олишига олиб келади. Жонли мисол: маҳаллий ҳокимларнинг фуқаролар ва юридик шахсларга ерни ажратиши кўп йилдирки, бизнесга, кимошди савдосига айланиб, ниҳоятдакоррупциялашганлиги боис, улар чиқарган қарорларнинг тенг ярми, қарийб2000 таси судлар томонидан бекор қилингани, сўнг депутатлар қистови билан мазкур вазифанинг геокадастр ташкилотига ўтказилганишу соҳада ташланган дадил қадам бўлди. Булардан ташқари, ўнлаб ваколатлар жамоат ташкилотлари ихтиёрига топширилди. Бундай демократик жараён давом эттирилади.
Ўзбек сиёсатчилари, давлат арбоблари, олимлари бу борада ўрганадиган жиҳатлар кўп. Мисол учун Сингапурда пора олишдан бош тортган чиновникларга мукофотлар тарқатилади. Япония давлат сектори ходимларининг виждонлилиги баҳолаб борилади. Бизўзига хос бундай ислоҳотлар тагзаминидаги ички ва ташқи омилларни тадқиқ этишимиз зарур. Булардан ташқари, “конфуцийча капитализм”, сухарточа сиёсат, Махатхира (руху нигара) ғояларининг мазмун-моҳияти ҳам деярли ўрганилмаган.
Юқоридагиларга суяниб, мамлакатимиздаҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш пайтида коррупцияжиддий тўсиқ бўлаётгани жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Шу боис, юртбошимиз бошлаб берган жамиятни демократлаштириш,модернизациялаш жараёнлари секин давом этмоқда. Иқтисодиётнинг инвестиция киритилган, “пул ишлайдиган”, бирмунча “ёғли” тармоқларигаёпирилиб кириб олган “коррупция ҳалқаси” миллийтараққиётимизнинг душмани, жамоат назорати эса уларга қарши курашга“бели нозик”лик қилмоқда. Агар билмасдан қадам ташланса, соғлом, ҳалол фикрли бундай шахсларни бир зумда четга суришади. Мамлакатда коррупция схемалари,меҳнат қилмасдан тезда бойиб қолиш механизмлари, ишланган усуллари занжири узиб ташланмас экан, давлатимизнинг ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ислоҳотиниҳаётга олиб кириш, халқни фаровон қилиш вазифасиқоғозда қолиб кетаверади...
Яна бир синф ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни зарур, деб ҳисоблаймиз. Бизга маълумки, 1990-йиллар бошида мустақиллик йўлига ўтган ёш давлатларда модернизациялаш табиий бўлмаган жараённи ўз бошидан кечирди. Барча кўрсаткичлар газеталарда ёзилгандай “силлиқ” эмас, балкинотекис кечаётгани кўпчиликка маълум эди. Чунки давлат бош ислоҳотчиликни бўйнига олган бўлса-да, уни амалга оширувчи институт бюрократия қўлида қолаганди. Аппаратчи бюрократлар синфи социализм ҳукм сурган эски даврларни кўп қўмсайди, янгиликни хоҳламайди... Масалани шу жиҳатдан холис таҳлил қилганимизда, бюрократиянингҳокимиятга “таъсири” коррупционерларданкам эмаслиги аён бўлади.
Коррупция ва миллий тараққиёт масаласиюрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби, ўлкамизаҳолиси бир асрлик мустамлакачилик даврида йўқотилган моддий ва маънавий бойликлари ўрнини қайта тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш, миллий ўзликни асраш йўлида кеча-ю, кундуз меҳнат қиладиган давр етиб келди. Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали миллий тараққиётга эришдилар. Биз ҳам шу нурли йўлдан юришга муносиб халқмиз. Зеро, озодлик, эркинлик яратган бой имкониятдан тўлақонли фойдаланиш Ўзбекистонда коррупция муаммоси ечилишига, қолаверса, учта ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш тамойилига нечоғлик амал қилишига чамбарчас боғлиқ бўлади.
Гап ўзимизда, ўзликка қайтишимизда, миллатпарвар ва миллий ғуруримиз даражаcида қолган кўринади.