Коррупция даражаси нималарга асосан ўлчанади?
Халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрни олдинги даврга нисбатан олганда ижобий томонга қараб силжишини кузатиш мумкин.
У ёки бу соҳадаги ислоҳотлар самара бераётганлигини қандай ўлчаш мумкин? Албатта, бунга аввало фуқаролар баҳо беради. Натижа аҳолининг кундалик ҳаётини ўзгараётганлигида кўринади.
Аммо бу борада, яна бир механизм борки, у ҳам бугунги глобал дунё воқелигининг ажралмас қисимига айланиб қолган. Гап дунё мамлакатларида жамият ҳаётининг турли жабҳаларини давлатларни бир бирига таққослаб ўрганадиган халқаро рейтинг ва индекслар ҳақида бормоқда.
Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан ўзи масъул этиб белгиланган сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинглар ва индекслар, уларни тузиш услубиётини таҳлил қилиб бормоқда.
Ўрганишларнинг кўрсатишича, жаҳондаги бошқарув, ҳуқуқ соҳаларига ихтисослашган тадқиқотчиларнинг диққат марказида турувчи муаммолардан бири, шубҳасиз, турли мамлакатларда коррупциянинг тарқалганлик даражасидир.
Зеро, айнан ушбу иллат ҳар қандай ислоҳот, ташаббус, тадбиркорлик фаоллигини йўққа чиқарувчи, давлат тизимини емирувчи энг хавфли хатарлардан бири эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Шу боис, мазкур масалага бевосита ихтисослашган халқаро индекслар билан бир қаторда сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги деярли барча рейтинг ва индексларда коррупцияга қарши курашиш масалаларини баҳоловчи индикаторлар мавжуд.
Агар мазкур ихтисослашган индекс ва бошқа рейтингларнинг тегишли индикаторларини ўзаро солиштирадиган бўлсак, уларнинг таркибий мезонлари жуда ўхшаш эканлигига гувоҳ бўламиз.
Ушбу индикаторларни бирлаштириб турувчи яна бир жиҳат уларнинг, асосан, фуқароларнинг коррупцияни қандай қабул қилиши, яъни ушбу иллатга нисбатан қанчалар тоқатли ёки тоқатсизлигига боғлиқ эканлиги билан боғлиқлигидир.
Халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрни олдинги даврга нисбатан олганда ижобий томонга қараб силжишини кузатиш мумкин. Буни албатта бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар билан боғлашимиз мумкин. Бироқ, ушбу рақамлар бир вақтнинг ўзида мамлакатимизда мазкур соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар қанчалик кўплигини кўрсатиб беради.
Таъкидлаш лозимки, соҳада босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлсада, бироқ ҳали ҳамон коррупцияга барҳам беришга қаратилган қонунчилик нормалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш зарурати мавжудлиги сезилмоқда.
Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг ЎзАга берган маълумотларига кўра, 2019 йилнинг дастлабки олти ойида жами 661 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан коррупция билан боғлиқ 590 та жиноят ишлари қўзғатилганлиги, коррупцияга қўл урган ва жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келганлиги ташвишли ҳолат ҳисобланади.
Бу каби муаммоли ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, агентлик томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирилиши ва амалга оширилиши белгиланди, шунингдек ушбу ташкилот зиммасига бир неча жуда муҳим бўлган вазифалар юкланди.
Хусусан:
– биринчидан, вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат
ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш. Бу вазифалар ижроси тўғридан-тўғри халқаро рейтинг ва индексларнинг «давлат секторида коррупция» «давлат органлари фаолиятида коррупция» каби мезонлари билан узвий боғлиқ ҳисобланади.
– иккинчидан, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши, давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш вазифаларининг тўлиқ ижроси эса халқаро рейтинг ва индексларнинг «давлат хизматчилари орасида коррупция даражаси», «ҳукумат мансабдор шахслари эгаллаб турган лавозимларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланишлари» каби мезонлари бўйича юқори ўринлар эгаллаш учун хизмат қилади.
– учинчидан, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш, шунингдек бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш каби мамлакатда коррупция омилини тарқалишига ижобий тўсиқ бўла оладиган муҳим вазифалар ҳам юклатилган.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш вазифаси Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, агентликка Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда "Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида"ги, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида"ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган бўлиб, ушбу қонун лойиҳаларини халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилиб, амалиётда тўлоқонли ишлашини таъминлаш ҳам тегишли соҳларда корруция омилларини бартараф этиш гарови бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур Фармон билан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Бу йўналишдаги яна бир муҳим қадамлардан бири Адлия вазирлиги томонидан барча мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг томонидан тасдиқланган Сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасига коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада ошириш қаратилган бир қанча амалий чора-тадбирларнинг киритилиши бўлди.
Чора-тадбирлар режасининг алоҳида йўналиши тўғридан-тўғри коррупция қарши курашиш масалаларини қамраб олиб, давлат органларида, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, суд тизимида ва бошқа соҳаларда коррупцияни олдини олишга қаратилган тадбирлардан иборат.
Бундан ташқари, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни янада жонлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳам ўрин олган бўлиб, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасининг ГРEКО (Коррупцияга қарши давлатлар гуруҳи) халқаро ташкилотига аъзо бўлиб кириш, шунингдек, БМТ коррупцияга қарши кураш Конвенциясининг фуқаролик жамияти Коалицияси билан ҳамкорлик қилиш масалалар юзасида ишлар олиб борилмоқда.
Ўз ўзидан мазкур чоралар коррупция мавзусига бағишланган ихтисослашган Коррупцияни қабул қилиш индекси билан бирга бошқа рейтингларнинг коррупцияга оид индикаторларида Ўзбекистоннинг ўрнини манзилли оширишга йўналтирилгандир.
Юқорида кўрсатиб ўтилган вазифаларнинг тўлақонли амалиётга тадбиқ этилиши, мамлакатдаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ва давлат секторида коррупция омилларини бартараф этишга, улар фаолиятида очиқлик ва шаффофлилик тамойилларини таъминлашга олиб келади.
Натижада эса, энг аввало, халқимиз ҳаёт даражасининг юксалишига, бунинг натижаси сифатида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизга бериладиган баҳоларга ижобий таъсир кўрсатган ҳолда мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга олиб келади.
Мазкур янги ташкил этилган агентликнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бу ташкилот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдор бўлган ҳолда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсуниши ва бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда фаолият юритиши муҳим аҳамият касб этади.
Агентлик ўз фаолияти давомида дастлабки эътиборни давлат органларини янада очиқ ишлашини таъминлаш, давлат харидлари жараёнларининг шаффофлигини ошириш, давлат хизматлари соҳасида коррупцияга олиб келиш мумкин бўлган хавфларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича тезкор чораларни кўриши лозим ҳисобланади.
Бу эса, юқорида таъкидланганидек, ўз навбатида, халқаро рейтингларнинг коррупцияга оид индикаторларида Ўзбекистоннинг ўрнини янада яхшилаш учун хизмат қилиши учун самарали хизмат қилади.
Сардор Маннонов, Сарвиноз Салохова,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги масъул ходимлари