Коррупциянинг сиёсий харитадаги ўрни
Коррупция… Нақадар ёмон иллат. Унинг тарихи неча минг йилларга бориб тақалади. Коррупция ўзи нима? деган саволга шундай жавоб берса бўлади. У жамиятни ўраб олувчи даҳшатли иллатдир.
Бу иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилади, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган жиноятчилик ва бошқа шу каби ҳодисаларнинг гуллаб-яшнашига шароит яратиб беради. Коррупция бизнинг кунимизгача етиб келганлиги, шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Ҳаттоки, ривожланган ғарб давлатлари ҳам коррупциядан буткул халос бўлолмаган. Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш Ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамма замонда давом этган.Ҳозирги кунга келиб у кўплаб соҳаларни қамраб олди. Унинг бунчалик илдиз отишида жамиятнинг масъулиятсизлиги ёки инсонларнинг бепарволигидан дарак беради.
Жамиятда одамларнинг ҳуқуқий билимини ошириш коррупцияга қарши курашдаги асосий вазифа ҳисобланади.Қачонки инсон ўзини англаганида ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрганганида балки коррупцияга бироз бўлсада, чек қўйилар.Халқаро ташкилотлардан бири дунёнинг 180 та мамлакатларида коррупциянинг даражасини акс эттирувчи рейтингни эълон қилди. Унда умуман баллга эга бўлмаган мамлакатлар коррупциянинг домига шўнғиганлар, аксинча балл қўйилган мамлакатларда эса коррупциянинг йўқлигини билдиради. Коррупция орқали давлат ҳам анча зарар кўради. Глобал молиявий ошкоралик ташкилоти маълумотига кўра, 2001-2010 йиллар оралиғида дунёнинг 150 та ривожланаётган давлатида 6 триллионга яқин пул коррупция сабаб кўкка совурилган. Бу рўйхатнинг бошида эса Хитой турибди. Ўтган 10 йил давомида бу мамлакатда 3 триллион долларга яқин пул ноқонуний олди-берди учун сарфланган. Россия давлатида коррупция келтирган зарар 152 миллиард долларга тенг, Африка давлатларида энг коррупциялашган давлат бу Нигерия ҳисобланади. У ерда ноқонуний капитал айланмаси 129 миллиард. долларга тенг. 2003 йилдан эътиборан БМТ томонидан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни қилиб белгиланди.
Аристотел «Ҳокимиятга пул билан эришган одам ундан даромад олишга интилади» деб бежиз айтмаган. Инсон нимагадир ўрганиб ёки одат қилиб олса, ундан чиқиб кетиши қийин бўлади. Демакки, коррупцияга ўрганган одам ҳам шундай. Барча қилмишлари учун жавоб берадиган пайти келганидагина бу ишининг хато эканлигини англаб етади. У англаганида эса кеч бўлади. Яна бир маълумотни келтириб ўтишимиз лозим. Орамизда кўп учрайдиган таниш-билишчилик,уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик кабилар коррупциянинг асл сабабчиларидир. Мана шу иллатларга барҳам берсаккина коррупцияга қарши курашишга озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бўламиз.Жамиятда огоҳликни тарғиб қилиш, халқнинг билимини ошириш, ҳукумат одамлар учун ишлашини, ҳар бир фуқаро ўзи яшаётган жамият олдида муайян мажбуриятларга эга эканини, тараққиёт учун ҳисса қўшишини тушунтириш коррупция қарши қилинган ҳам инсоний ҳам амалий қилинган ёрдамдир.Ҳар биримизни олдимизда иккита йўл туради коррупцияга асосланган ва коррупциясиз ҳаёт. Унинг қай биридан кетиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Кимдир биринчи йўлдан кетади, текис-равон, машаққатсиздек туйилган бу йўлнинг охири йўқ, бора-бора жарликка тушганини билмайди. Ўзини билган, таниган инсон иккинчи йўлдан боради. Сабаби, бу йўл машаққат ва қийинчиликлар билан бошланмасин, охири бахтли келажак, осуда ҳаёт сари етаклайди. Шундай экан, вақтимиз борида келажагимизга болта урмасдан тўғри йўлни танлайлик.
Сабина МАШАРИПОВА,
Ўзбекистон журналистика ва
оммавий коммуникациялар
университети талабаси.
ЎзА