
“Адолат” СДП Гулистон шаҳар кенгаши Гулистон шаҳар адлия бўлими бидан ҳамкорликда Сирдарё юридик техникумида “Коррупцияга қарши курашиш” ойлиги доирасида тарғибот тадбирини ўтказди. Тадбирда коррупциянинг тараққиётга тўсиқ бўлаётгани ва унинг олдини олишнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Гулистон шаҳар адлия бўлими масъул ходими Қобилжон Аҳмаджонов тадбирда иштирок этганларга мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. У, айниқса, янги қонунлар, махсус қўмиталар ва агентликлар ташкил этилгани, хизмат кўрсатиш тизимларининг шаффофлиги, шунингдек, коррупция омилларининг камайиши учун амалга оширилаётган чоралар ҳақида сўзлади.

Шунингдек, тадбирда банклар, мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим тизими ва бошқа соҳаларда аҳолига инсон аралашувисиз, онлайн ва тўлиқ шаффоф хизмат кўрсатишга ўтилгани таъкидланди. Мисол сифатида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг "боди-камера" орқали хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани ва қоғоздаги баённома йўқлиги коррупция омилларининг кескин камайишини таъминлаётгани қайд этилди.

Тадбирда ёшларга коррупцияга қарши курашиш, унинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этишга доир ҳуқуқий маълумотлар берилди. “Адолат” СДП Гулистон шаҳар кенгаши раиси Шоҳсанам Умурзоқова ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг ватанга бўлган масъулиятни англатишга асосланган тадбирнинг аҳамияти тўғрисида ўз фикрини билдирди.
Тадбирда, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги тушунтириб ўтилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири