
Андижон вилояти Пахтаобод туманида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида туман, шаҳар ҳокимликлари иқтисодий комплекс раҳбарлари, ходимлари, ҳоким ёрдамчилари иштирок этган тадбирда тамагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик, коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасида олиб борилаётган ишлар, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Андижон вилояти ҳокиминиг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ва бошқалар коррупция ва унга қарши курашиш, коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг юзага келиши сабаблари, уларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида урғу берди. Шунингдек, иштирокчиларга тамагирлик, порахўрлик, ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, бу каби салбий ҳолатларнинг оқибатлари юзасидан ҳуқуқий тушунча, таклиф ва тавсиялар берилди.
Мавзуга оид видеоролик намойиш этилиб, коррупция муаммосининг аянчли оқибатлари, жамиятга, айниқса, ёш авлод тарбиясига етказадиган салбий таъсири ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан коррупция билан боғлиқ аниқланган салбий ҳолатлар асосида маълумотлар таыдим этилди.
– Коррупцияга қарши муросасиз курашамиз, – дейди Пахтаобод тумани ҳокими Э. Усмонов. – Чунки у жамият ривожига тўсиқ бўладиган энг катта ғов ҳисобланади. Шу боис ҳам коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар қайси даражадаги раҳбарнинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши лозим. Бу борада нафақат раҳбар ва мутасаддилар, балки аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Танқидий, таҳлилий руҳда ўтказилган мулоқотда маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг жорий йил биринчи чорак якунлари бўйича фаолияти муҳокама этилди, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Маҳаллаларда намунали иш ташкил этган ҳамда юқори кўрсаткичга эришган бир гуруҳ ҳоким ёрдамчилари вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.Коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган бу каби йиғилишлар Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА